Музейга саёҳат кишига нима беради?

7

Музейлар – тарих ва келажакни боғловчи кўприкдир. Тарих кишини хулосалар чиқаришга қанчалик кўп ўргатса, музейнинг аҳамияти ҳам бундан кам эмас. Шу боис музей саёҳатига алоҳида эътибор қаратилади.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг бир гуруҳ курсантлари “Маданий ҳордиқ куни” режасига мувофиқ, пойтахтимизда жойлашган Амир Темур давлат музейи ва Қуролли Кучлар давлат музейларига ташриф буюриб, ўзларининг тарих, ҳарбий соҳанинг ривожланиш тенденциялари ва давлатчилик илмига оид билимларини мустаҳкамлашди.

– Бу музейларга кўп келганман. Лекин ҳар сафар янги билимлар билан қайтаман, – дейди билим юртининг 3-босқич курсанти Сардор Олимжонов. – Мени доим қизиқтириб келадиган мавзу бу – Амир Темур давлатчилигининг вужудга келиши, унинг бошқарув тизими, жанг олди тайёргарлик машғулотлари ва ишғол усуллари. Бу мавзуга оид жуда кўп китобларни ўқиб чиқяпман. Шу қаторда музейдаги ўша давр нафасини берадиган экспонатлар мендаги тасаввурнинг янада бойишига хизмат қиляпти.

Дарҳақиқат, бугунги курсант эртанги офицердир. У ҳарбий таълимдан сўнг қўшинларда асосий вазифаларни бажарадиган, шахсий таркибга бошчилик қиладиган, намуна бўладиган ҳарбий хизматчи бўлади. Шу боис уларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва профессионал бўлишида мана шундай экскурсияларнинг ҳам аҳамияти катта.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар
департаменти