Ҳарбий хизматчиларда катта таассурот қолдирган учрашув 

8

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Тошкент вилояти, Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмида “Чемпион билан учрашув” мавзусида тадбир ташкил қилинди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мазкур учрашувда таниқли спорт усталари, бокс бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпионлари иштирок этди.

Хусусан, бокс бўйича халқаро турнирлар совриндори, WBC йўналиши бўйича Осиё чемпиони, олтин камар соҳиби Анваржон Туропов билан бўлган суҳбатда, чемпион спорт оламига кириб келиши, илк муваффақиятлари, юқори натижага эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек ҳар гал ғолиблик шоҳсупасида турар экан, давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида қалбида кечган ватанпарварлик ҳисларини  тўлқинланиб сўзлаб берди. Суҳбат давомида жисмоний машғулотларнинг саломатлик учун фойдаси, бу жараёнда тўғри овқатланишнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Самимий руҳда ўтган учрашув ҳарбий хизматчиларда катта таассурот қолдириб, спортга бўлган қизиқишларини янада оширди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати