Халқ ва армия ўртасидаги бирдамлик тимсоли

9

Шу кунларда кўплаб ҳарбий хизматчиларнинг давлатимиз раҳбари Фармони асосида таъсис этилган «Mehr-saxovat» кўкрак нишони билан тақдирланиши халқ ва армия ўртасидаги бирдамлик тимсолларидан бири бўлди, дейиш мумкин.

Негаки, ҳарбий хизматчилар Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офат талафотларини бартараф этишда, шунингдек COVID – 19 пандемиясига қарши курашда, аҳолининг ижтимоий қатламини ҳимоя қилишда биринчилар қаторида халқимизга ёрдамга отланишди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги томонидан бу борада амалга оширилган ишлар ҳам муносиб баҳоланиб, бир қатор ҳарбий хизматчилар «Mehr-saxovat» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида ўтказилган маросимда мукофотлар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

– Она Ватан – бу барчамиз кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз лозим бўлган муқаддас оила. Шу Ватаннинг, оиланинг муносиб фарзанди бўлиш эса биз ҳарбий хизматчиларнинг бурчимиз. Ана шу бурчимизни бажаришдаги камтарона хизматларимиз давлатимиз томонидан эътиборга олингани кучимизга куч, шижоатимизга шижоат қўшади – дейди кичик сержант Хуршид Абдушукуров.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти