Полигонда китобхонлик кечаси ўтказилди

10

Қуролли Кучлар академиясининг Чирчиқ полигонидаги ўқув базасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб «Юлдузли тунлар» асарига бағишланган китобхонлик кечаси ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Чирчиқ шаҳар бўлими, Чирчиқ педагогика институти ва  Қуролли Кучлар академияси тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими ҳамкорлигида ташкиллаштирилган тадбирда барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Чирчиқлик шоир Рўзи Очил ҳамда филология фанлари номзоди, доцент Мусо Тожибоев «Юлдузли тунлар» асарининг ўзбек адабиётида тутган ўрни, романнинг ёзилиш тарихи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Панипат жангида қўллаган ҳарбий тактикаси каби долзарб мавзуларга тўхталиб ўтдилар. Китобхонлик кечаси давомида ҳарбий хизматчилар Рўзи Очил томонидан ўқилган ўзбек шеърияти наъмуналаридан баҳраманд бўлдилар.

Ватан ҳимоячилари ҳам адабиётга, шеъриятга бўлган қизиқишларини ўз чиқишлари орқали намойиш этишди. Қуролли Кучлар академиясининг 4-курсида таълим олаётган Хуршид Жаҳонов Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Ўзбекистон» шеърини зўр ҳис-ҳаяжон билан ўқиди ва йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

Маънавий-маърифий кеча якунида шоир Рўзи Очил ҳарбий хизматчиларга ўз шеърий китобларини совға сифатида топширди.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти