АрМИ – 2020. Ҳарбий-тиббий эстафетанинг қуръа ташлаш маросими ўтказилди

18

Хабарингиз бор, Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ дала ўқув полигони ўтган йили бўлгани каби жорий йилда ҳам халқаро армия ўйинларининг Ҳарбий-тиббий эстафета баҳсларига мезбонлик қилмоқда.

Бу йил мусобақаларда вакилларимиздан ташқари Тожикистон, Фаластин, Россия Федерацияси, Беларусь ва Вьетнам давлатларининг ҳарбий тиббиёт хизмати мутахассислари иштирок этяпти.

Халқаро мусобақа шартига кўра, Ҳарбий-тиббий эстафета баҳсларида иштирокчилар индивидуал маҳорат ва жамоавий таркибда ғолиблик учун кураш олиб борадилар.

Бугун Ҳарбий-тиббий эстафета баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган тадбирда Ҳарбий-тиббий эстафетада қатнашувчи барча жамоалар, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, шунингдек, халқаро мусобақа низомига киритилган ўзгаришга биноан фахрий меҳмонлар сифатида тадбирга таклиф этилган Мудофаа вазирлиги спорт марказининг жаҳонга машҳур спорт юлдузлари, жумладан, капитан Наталия Долбилина, лейтенант Надия Дусанова, лейтенант Вадим Меньков, кичик сержантлар Ольга Умаралиева, Герасим Кочнев ва Марина Хмелевская иштирок этди.

Эстафета бош ҳаками сифатида Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультети кафедра бошлиғи, тиббиёт хизмати полковниги Носиржон Фозилов таништирилди.

Қуръа натижаларига кўра жамоаларнинг индивидуал ва жамоавий таркибга кўра иштирок этиш тартиби маълум қилинди.

Сўзга чиққанлар иштирокчиларга омад тиларкан, Ҳарбий-тиббий эстафетанинг жорий этилиши ва йилдан-йилга нуфузи ошиб бораётгани, ҳарбий тиббиётчилар ўртасида ҳар қандай шароитда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида ўзаро тажрибалар алмашиш билан бир қаторда, соғлом турмуш тарзи тарғиботига ҳам салмоқли ҳисса қўшилаётганини таъкидлашди.

Подполковник Ёшин ҲАКИМОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти