Навоийда ватанпарварлик акциялари ўтказилмоқда

18

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган
бу йилги тадбирлар мазкур шиор остида юқори савияда ташкиллаштирилмоқда.

Байрам арафасида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган ҳарбий қисми шахсий таркиби ҳам қатор ватанпарварлик акцияларини ўтказмоқда.

Хусусан, юрт посбонларининг Навоий шаҳрида жойлашган “Меҳрибонлик уйи”га ташрифи ҳам эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва болажонлар томонидан тайёрланган концерт дастури ҳам барчага бирдек манзур бўлиб, ҳарбийлар улашган китоблар болажонларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Навоийлик ҳарбий хизматчиларнинг вилоятдаги куч тузилмалари билан ҳамкорликда ўтказган уч кураш спорт мусобақалари ҳам мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллигига бағишланди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ҳарбий хизматчилар ўзларининг юқори жисмоний тайёргарликларини намоён этдилар. Мусобақалар якунига кўра ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари
қўмондонлиги матбуот хизмати