Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари «Нориндарё» кўприги қуриб битказилгунга қадар аҳоли учун вақтинча кўприк кўтарди

69

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Наманган вилоятининг Уйчи ҳамда Норин туманлари орасидаги дарё ўзани узра кўприк қуришга киришди.

Маълумотларга кўра, Фарғона ҳалқа йўлининг 93-километрида жойлашган ушбу икки туманни вилоят маркази билан боғлаб турувчи «Нориндарё» кўпригида бундан 2—3 ой дарз кетиш аломатлари сабаб ҳаракатлар тўхтатилган. Мазкур кўприк 1962 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, қарийб 60 йилга яқин вақт давомида халққа хизмат қилиб келган. Бугунги кунда минглаб фуқаролар ишга, ўқишга, бозорга ҳамда ўзларининг бошқа эҳтиёжлари йўлида дарёни қайиқ орқали кесиб ўтиб ўтмоқда.

Мудофаа вазирлиги кўприк битгунга қадар аҳолига қулайлик яратиш, узоғини яқин қилиш мақсадида вақтинчалик кўприк қуришга киришди.

Айни вақтда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Муҳандислик қўшинлари хизматининг бир гуруҳ мутахассислари махсус техникалар ёрдамида кўприкни қуриш ишларини амалга оширмоқда. Дарё узра қад кўтараётган кўприк узунлиги 40 метрни, эни эса — 3,8 метрни ташкил этмоқда.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти