Ўз баҳосини топаётган фидойилик

15

Инсон умрини оқар дарёга қиёслайдилар. Тошдан тошга урилиб, ўйноқлаган сув кўзни очиб юмгунча ёнингиздан оқиб кетади. Бизга инъом этилган ҳаётнинг қадрига етиб, уни мазмунли ўтказиш жоиз.

Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм авиация эскадриляси командири подполковник Азиз Шожалилов ҳам умрини мазмунли кечираётган ватандошларимиздан бири.

20 йилдан буён ҳарбий хизматда, 2011 йилдан бери мус­тақил учувчи сифатида фаолият юритаётган қаҳрамонимиз Ватан олдида кўрсатаётган хизматлари учун давлатимизнинг навбатдаги юксак мукофоти билан тақдирланди. Унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида»ги Фармони билан «Шуҳрат» медали топширилди. Бунгача ҳам подполковник Азиз Шожалилов 2015 йили «Содиқ хизматлари учун» медали билан, шунингдек Мудофаа вазирлигининг бир қатор мукофотлари билан тақдирланган. Подполковник Азиз Шожалилов хизмат қилаётган ҳарбий қисмга борганимизда парвоз олди тайёргарлик жараёни қизғин паллада экан. Ишлар бироз маромига тушгач, эскадрилия командири подполковник Азиз Шожалиловни суҳбатга тортдик.

– Ҳозиргина навбатдаги парвозни амалга ошириб қайтдим. Кечқурун уйга боришим билан 7 ёшли ўғлим қалбида бир олам ҳаяжон, қизиқиш билан қаерга борганим, қандай учганим ҳақидаги саволларни ёғдиради. Бир пайтлар ўзим ҳам худди шундай бўлганман, – дейди у. – Биз учувчилар оиласимиз. Бувам, тоғаларим ҳам маҳоратли учувчилар бўлган. Тайинки, бу менга катта масъулият юклайди. Ҳали амалга ошмаган орзулар, режаларим кўп. Уларни рўёбга чиқариш учун баҳоли қудрат ҳаракат қиламан, албатта.

37 ёшни қоралаётган қаҳрамонимиз Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти (олдинги Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти)да таҳсилни тамомлагач, ҳарбий транспорт авиацияси йўналишида турли вазифа ва лавозимларда хизмат қилди. Бугунги кунда ҳам давлатимиз томонидан коронавирус инфекциясига қарши харид қилинган дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, турли асбоб-ускуна ва аппаратларни чет давлатлардан олиб келиш, инсонпарварлик ёрдамларини мамлакатимиздан хорижга ҳамда хорижий давлатлардан мамлакатимизга келтиришга қаратилган махсус рейсларда самолётларни бошқармоқда.

Нафақат командир, балки инсоний фазилатлари билан ҳарбий хизматчилар жамоасида ҳурмат қозонган. Бирга хизмат қилаётган кўпчилик ёшларга ўрнак.

– Командиримиз подполковник Азиз Шожалиловнинг ҳавас қиладиган жиҳатлари жуда кўп, – дейди авиация эскадрилияси гуруҳ командири капитан Иномжон Мухторжонов. – У қўл остидаги шахсий таркибга ҳам жуда талаб­чан. Ўз ишига астойдил ёндашгани каби шундай муносабатни талаб қилади. Беш йилдан буён бирга хизмат қилаяпман. Командир сифатида ҳам, инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам кўп нарсаларни ўргандим. Укам Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртини тамомлаб, подполковник Азиз Шожалилов қўлига шогирд тушганидан хурсанд бўлдим.

Қуролли Кучлар сафида ўз касбига садоқатли, фидойи, камтар инсонлар жуда кўп. Ҳозирда бошқа соҳалар қатори Ҳарбий ҳаво кучларида кечаётган тизимли ислоҳотларда ана шундай мутахассисларнинг ҳиссаси катта. Ҳарбий қисм ва муассасаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, мутахассислар тайёрлашда замонавий талаблар инобатга олинаётгани, юрт посбонларининг ижтимоий ҳимояси борасида қилинаётган ишлар, қаратилаётган эътибор ва берилаётган рағбат… Буларнинг ҳамма-ҳаммаси подполковник Азиз Шожалилов каби малакали, тажрибали мутахассисларга яна бир карра масъулият, ­жавобгарлик юклайди.

– Сўнгги йилларда Ҳарбий ҳаво кучлари энг замонавий самолёт, вертолётлар билан бутланяпти. Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал, маънавий салоҳияти ҳам янада ошяпти, – дея фикрларини давом эттирди подполковник Азиз Шожалилов. – Шунингдек, биз таҳсил олган олий ҳарбий таълим муассасаси Қарши шаҳрига кўчирилди. Кўркам бино, янгича ўқитиш тизими, назария ва амалиёт уйғунлиги, албатта, ўз самарасини беради. Ушбу мукофот ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар тўлқинида менга янада кўпроқ масъулият юклайди. Ҳаммасига жавобан ўз бурчимизни ҳар томонлама намунали бажариш, сафимизга келаётган ёш учувчиларга бор билим ва кўникмаларимизни ўргатишимиз лозим.

Келажакдаги энг катта мақсадингиз нима, десак: «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар, аскар эмас», дея ҳазил қилди. Шу тариқа подполковник Азиз Шожалилов хайр-хўш қилиб, навбатдаги парвозга тайёргарлик кўриш учун жўнаб кетди. Кўнгил­дан шундай тилаклар ўтди: Яшанг, Азиз ака. Сизга ўхшаган ватанпарвар инсонлар боши тош­дан бўлсин. Ишингиз ва умр йўлларингизда юксак парвозлар тилаймиз!

 

Бобур ЭСОНОВ,

“Ватанпарвар” газетаси мухбири