Ўзбекнинг довюрак фарзанди

218

Ибодат опа учун уруш даҳшатларини эслаш, хотирлаш унга жуда оғир, изтиробли эди. Чунки у ўша даҳшатли сурон офатларини қалби билан ҳис қилди, қулоқлари билан эшитди. Шу уруш эмасми, уни жигаргўшасидан айирган, кўзига кенг дунёни тор қилган?! Бу аламли айрилиқни унутиб бўлармикан?! Қалби ўртанади, юраги ёнади. Қани дардига даво тополса! Йўқ, бу дарднинг давоси йўқ. Чунки аччиқ хотиралар бир умрга юрагига битмайдиган яра бўлиб муҳрланганди…

Ўғли Исломжон фронтга отланган ўша кун хали-ҳамон ёдида. «Болам, Аллоҳга омонатсан. Сен менинг жон томиримсан. Жон томир узилса нима бўлади, биласанми? У узилса мен ҳам узиламан. Сен менга тирик қайтишга ваъда бер. Ваъда берасан а? Душманга аёвсиз бўл. Юзинг ҳамиша ёруғ бўлсин». Онасининг уни бағрига босганча йиғлаб айтган бу сўзлари Исломжоннинг қалбини титратгани рост. У жангларда кечган умри давомида онасининг охирги сўзларидан куч олди, қувватга тўлди.

Барибир уруш ўз номи билан уруш экан. Неча-неча бор бу оловли муҳорабадан омон чиқишдан умидини узган вақтлари бўлди. Лекин тақдирида бор экан ҳар гал ўлимга чап берарди. Унинг учун урушнинг энг катта талафоти, энг аламлиси, энг ўкинчлиси азиз инсонларини, яқинларини, дўстларини йўқотгани бўлди. Лекин бу йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас экан. Чунки инсонларга умр бир маротаба берилади. Эсиз жувонмарг бўлган миллион-миллион умрлар, аянчли хотима топган тақдирлар… Шулар ҳақда ўйласа душманга нисбатан нафрати ошарди. Бу ҳис эса уни жангларда жасорат кўрсатишга ундарди. Шундай қилиб унинг номи тилларга тушди.

Тошкентлик чапани йигит

Исломжон Усмонов 1923 йил Тошкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган, кўм-кўк боғ-роғлари бисёр сўлим Қатортол қишлоғида (ҳозирги Чилонзор тумани) туғилди. Отаси Усмон Расулов деҳқончилик қилиб, шунинг орқасидан тирикчилик қиларди. Онаси Ибодат опа деҳқончилик ишларида турмуш ўртоғига кўмак берарди. Иккиси ҳам жуда олижаноб, меҳридарё инсонлар эди. Шунинг учун маҳаллада уларнинг оиласига ҳамма ҳавас билан қарарди. Олманинг тагига олма тушади, деганларидек Исломжон ҳам худди ота-онасидай фазилатли йигит бўлиб улғайди. Етти йиллик мактабни муваффақиятли тамомлаб, зоотехниклар тайёрлаш курсига ўқишга кирди. Курсни битириб эса ўз қишлоғида зоотехник бўлиб фаолият бошлади.

Шундай кунларнинг бирида бутун мамлакатда уруш хабари тарқалди. Ўшанда Исломжон ўн тўққиз ёшда эди. Юртдаги барча эр йигитлар қатори урушга боришни ўзи учун бурч деб билган ўғлон кўнгилли бўлиб армияга отланди.

Исломжон келган гуруҳни ҳам дастлаб фронт чизиғидан узоқда бўлган ҳарбий қисмга олиб боришди.  Бу ерда уларга жанг қилиш, қуролни ишлатиш бўйича таълим беришди. Етарлича кўникмага эга бўлганларидан сўнг фронтга йўл олдилар. Бу вақтга келиб совет қўшинлари фашистларни Москвадан бир неча юз километр узоққа улоқтириб ташлаган эди.

ЖанггоҲ – жасорат майдонидир

1943 йилнинг август, сентябрь ойларида Ғарби-жанубий ва Жанубий фронтларнинг қўшинлари душманга оғир талафот етказадилар. Улар Дон ҳавзасини озод қилиб, душманни Днепр ва Малочний дарёлар томон қувиб келадилар.

…Аскарлар учун Днепрнинг ғарбий соҳилидан кечиб ўтиш бироз қийин кечди. Чунки душманнинг уч-тўрт пулемёти жангчиларни тинимсиз ўққа тутиб, кўз очиргани қўймасди. Бу эса муҳим операцияни амалга оширишни орқага тортарди. Шу оғир дақиқада Усмоновнинг жанговар маҳорати иш беради. У душман пулемётларининг бирини мўлжалга олиб тепкини босади. Кейин иккинчи, учинчи пулемётни ҳам шундай қилиб ишдан чиқаради. Жангчилар эса вазиятдан оқилона фойдаланиб, дарёнинг нариги соҳилига ўтиб оладилар. Фашистлар буни сезиб қолгач жон-жаҳди билан қарши ҳужумга ўтади. Лекин бу пайтда Усмоновнинг гуруҳи дарё қирғоғида туриб ўз тўпларида душманга қарши снаряд ёғдира бошлаган эди.

Навбатдаги муваффақиятдан сўнг фронтнинг бошқа қўшилмалари ҳам душманнинг Днепрнинг чап соҳилидаги Запорожье плацдармига яқинлашиб борарди. Исломжон Усмонов хизмат қилаётган қисм ҳам бу жангга зўр тайёргарлик кўриб турарди. Жанг олдидан кичик митинг ўтказилди. Унда жангчиларнинг энг фаоли бўлган 333-Қизил Байроқли Синельниково ўқчи дивизиясининг 1118-полки, 5-ротаси кичик сержанти Исломжон Усмоновга сўз бердилар. У жумладан шундай деди: «Биз халоскорларини икки йилдан бери Днепрнинг фахри – Запорожье кутмоқда. Ўртоқлар, фақат шиддатли ҳужум билангина олдинга ҳаракат қилиб жабрдийдаларни озод қила оламиз. Мен қасамёд қиламанки, бу жангда ҳам гитлерчиларга қарши қаҳрамонларча курашаман! Сизларни ҳам жасоратли ва шиддатли бўлишга чорлайман!» Шундай қилиб Украина ерларини фашистлардан тозалашда бирдам бўлишга жангчилар мардонавор қасамёд қилдилар.

Запорожье бўсағаларидаги даҳшатли жанглар бир неча кун давом этди. Икки томон ҳам катта талафот кўрди. Айнан мана шу жангларда Исломжон қадрдон дўстларидан, сафдошларидан айрилди. Бу айрилиқ унинг учун катта йўқотиш эди.  Бундан дили хун бўлган йигит тушкунликка тушмади, аксинча, вафот этган дўстларининг ҳаққи ҳурмати душманга шафқатсиз бўлишга онт ичди. Кўксида шундай шижоат билан душман мудофаасини ёриб ўтишда иштирок этди ва фаол жангчилар қатори мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Натижада, шу жангда кичик сержант Исломжон Усмонов хизмат қилган қисм ва у командирлик қилган бўлинма алоҳида эътироф этилди ва барчага намуна қилиб кўрсатилди.

Киев учун жанг

1943 йилнинг октябрь ойи. Бу вақтда Украина тупроғини фашистлардан тозалаш учун аёвсиз жанг кетарди. 1-Украина фронти қўшинларининг олдида энг муҳим вазифа – Украина пойтахти Кеевни озод қилиш турарди. Кичик сержант Усмоновнинг бўлинмаси бу сафарги жангларда ҳам ўз вазифаларини шараф билан адо этишга киришади. Яна йўқотишлар, талафотлар… Лекин шундай бўлса-да улар муваффақият қозонди. 1943 йилнинг 6 ноябрь куни эрталаб Украинанинг гўзал ва бетакрор пойтахти Киев устида қизил байроқ ҳилпиради.

Совет армияси душманни изма-из қувиб, ортга қараб чекинишга мажбур этишди. Ҳар бир шаҳар, қишлоқни фашистлардан озод қилган сари аскарларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилиб борарди. Кичик сержант Исломжон Усмонов ва унинг бўлинмаси ҳам шундай кўтаринки кайфиятда жангни давом эттирарди.

Ҳа, унинг бўлинмасидаги йигитлар ҳам жасурликда, довюракликда Исломжондан қолишмас эди. Бунга ушбу бўлинмада хизмат қилаётган бир жангчининг Турожний ўрмонида кўрсатган жасорати ҳам мисол бўла олади. Ўшанда жангчи ўрмон ичида разведкага бораётиб бир гуруҳ фашистларга дуч келади. Вазиятнинг қалтислигига қарамай ёлғиз ўзи уларга ташланади. Натижада бир нечтасини ўлдиради, яна бир нечтасини асир қилиб олиб келади.

Мардлик – мангулик

1943 йил ноябрь ойининг охирлари эди. Уларнинг бўлинмаси Днепр дарёсининг ўнг соҳилида душман билан тўқнаш келди. Ўшанда Исломжон Усмонов душман томонидан қуюндай ёғилиб турган пулемёт ўқи ва миномёт ўтига қарамай биринчилардан бўлиб Днепр дарёсининг ўнг соҳилига ўтади ва қулай плацдармни эгаллайди. У бу ишни ўта чапдастлик ва маҳорат билан адо этадики, бўлинмадагилар ҳам унинг жасоратига тан беради. Бўлинма ҳужумга ўтган пайтда эса кичик сержант Усмонов душман траншеясига бостириб киради. Дашҳатли ва шиддатли жанг пайтида Усмонов душманнинг станокли пулемётини йўқ қилди, саккизта душман аскарини, битта офицер, яна битта унтер-офицерни асирга олади.

Кичик сержант Исломжон Усмонов Каменское қишлоғини озод қилиш учун бўлган жангда ҳам шундай жасорат кўрсатади. Ўшанда у душманнинг ўт очиш нуқтасига яшириниб бориб, граната ирғитади. Шундан сўнг бўлинма ҳужумни бошлайди. Аммо душманнинг қўли баланд келади. Бўлинма тун бўйи душманнинг учта шиддатли қарши ҳужумини қайтаради. Шу жангларда Исломжон Усмонов ўн бешдан ортиқ душман аскар ва офицерларини қириб ташлайди ва бошқаларга намуна бўлади.

1944 йилнинг январь ойида душман траншеясида бўлган даҳшатли жанг вақтида довюраклиги, жасурлиги билан бутун мамлакатда ном қозониб улгурган кичик сержант Исломжон Усмонов мардонавор ҳалок бўлади.

СССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил 22 февралдаги фармони билан кичик сержант Исломжон Усмоновга Совет иттифоқи Қаҳрамони берилди.

 

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,

“Ватанпарвар” газетаси мухбири