Жасорати тилларда достон

58

1-синфга қадам қўйган Улуғбек мактабга бориш учун ҳар куни темир йўлни кесиб ўтарди. Бир куни серсавол болакай қўлидан маҳкам тутиб кетаётган дадасига юзланди:

– Бу поезд доим шовқин солиб, қаёқларга бориб-қайтади?

– Унинг манзили узоқ. Мана шу темир издан мактабу маҳаллалар, бозору мозорлар, тоғу тошлар, қир-адирлар бўйлаб қатнайди.

– Сиз ҳам поездга чиққанмисиз?

– Ҳа, албатта.

– Одамлар бекатда кутган поезд ортга қайтмаслиги ҳам мумкинми?

– Ҳа, болам. Бу ҳаётда кутилмаган ҳодисалар ҳам бўлиши мумкин…

Яхши ва ёмон поезд

Дарс тугаб, уйга қайтар экан, Улуғбек темир йўл ўртасида тўхтаб, синчиклаб разм солди: узлуксиз икки темир изни одамзотнинг оёғига қиёслади. Ҳар қандай оламшумул ихтиро ҳаётдан олинишини бола шуури англаб етмагандир, аммо ўшанда унинг турфа бекатларини томоша қилишни орзу қилгани рост.

Синф раҳбарининг эртага она юрти – Қримга кўчиб кетиш дарагини эшитди-ю, эндигина 3-синфга кўчган Улуғбекнинг тинчи бузилди. Тўғри, айрим фанлардан бир-иккита тўрт баҳоси бор, лекин синф сардори сифатида тартиб-интизом ўрнатиш, жамоани бошқаришда унга тенг келадигани йўқ. Шу боис у устози эътиборини қозонган, мураббийи бошқа ўқувчилар қатори уни ҳам меҳр риштаси ила боғлаб олган эди.

Тонг саҳарлаб ота-онасининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай, вокзалга югурди. Улар ҳам боланинг ортидан қолмади. Ахийри учовлон муаллима вагонини қидириб топди. Кўзлар кўзларни таниди, кўнгил тубида меҳр жилоланди. Кузатишга чиқишини кутмаган устози унинг пешонасидан ўпди. У аълочи бўлишга ваъда берди. Поезд қўзғалди. Ўшанда умрида биринчи марта Улуғбекнинг кўзига поезд балодек кўринди. Ҳатто унинг ортидан тош отмоқчи бўлди. Аммо бу тўғри иш эмаслигини билиб, тақдирга тан берди.

Улуғбек мактабда ҳамма фанлардан аълога ўқиди. Дарсдан кейинги бўш вақтида қўл жанги, Шарқ яккакураши турлари билан мунтазам шуғулланди. Мактабни битириб, ҳунар-техника билим юртининг автомобилсозлик йўналишида ўқиб юрган кезларида ҳам спорт унинг доимий ҳамроҳи бўлди. Отасининг рухсати билан спорт тўгарагига тинмай қатнашдан мақсади армия сафларида хизмат қилиб, ҳарбий бўлиш экан.

Тақдир тақозоси билан билимга чанқоқ ўсмир ўзи хоҳлаган поездга ўтирди. Энди унинг мақсади бекатларни томоша қилиш эмас: муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун Каттақўрғондан Тошкентга йўл олган эди.

Ёрқин хотира

Сержант Улуғбек Барноев 2000 йили Сурхондарё вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиб, мардларча ҳалок бўлган ўғлонлардан бири. У 1978 йил 1 ноябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри «Чинобод» маҳалласида туғилган. Шаҳардаги 16-умумтаълим мактабини битиргач, ҳунар-техника билим юртида таҳсил олган. 1997 йили Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этиб, муддатли ҳарбий хизматдан сўнг Мудофаа вазирлиги қўшинларида шартнома бўйича хизматга чақирилган ва махсус қўшинлар батальонига қабул қилинган. Хизмат вақтида у ҳар томонлама чиниқиб, нуфузли мусобақаларда, халқаро террорчи гуруҳларга қарши ўтказилган жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этган.

2000 йил 4 август. Сурхондарёнинг тоғли ҳудудлари. Қуролли тўқнашув айни авжига чиққан. Отишма чоғида унинг қуролдош дўстлари Бобур ва Маъруфжон оғир жароҳатланди. Улуғбек дарҳол кўмакка чоғланди. Ярадорлар очиқ майдонда қолиб кетгани учун ёнидаги дўстидан ўша ёққа боргунча уни тўсиб туришини сўрайди. Аммо чор тарафдан ғаним ўқи ёғилаётгани, у ёққа бориш муқаррар ўлим эканлигини айтиб, сафдоши Улуғбекни фикридан қайтаришга уринди. Бу пайт Қаҳрамон Мадолимов икковлоннинг яраларини боғлаб, четроққа олаётган эдики, бошига ўқ тегди. Улуғбек ортиқ тоқат қилолмай, жанг майдонида Қаҳрамонни қутқаришга уринаётганда, ёвнинг снайперига нишон бўлди…

Унинг жўмардлиги учун қуролдош дўстлари Улуғбек ҳақида шеър тўқишган:

Фахрланар эдик Улуғбек билан,

Чунки орамизда чемпион эди.

Мангу жасорати тилларда қолган,

Охир сўзида ҳам Ватаним, деди.

22 ёшни қоралаган Улуғбекни ота-онаси уйлантириш тараддудига тушган эди. Сентябрь ойида қайтиб келаман, дея кетган ўғилдан фақат ёрқин хотиралар қолади, деб ким ўйлабди дейсиз?!

Бу воқеалар вақтида Улуғбекнинг укаси Отабек Барноев муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган эди. Йигитлик бурчини адо этиб қайтгач, у худди акаси сингари Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилди. Кичик сержант ҳарбий унвонига эга бўлди. Икки ўғлининг ўз юртига муносиб фарзанд бўлиб улғайгани бугун ота-онасининг қалбини фахру ғурурга тўлдиради.

«Душман нима дегани?»

Улуғбекнинг отаси билан суҳбатлашар эканмиз, бир воқеани ёдга олади:

– Бир куни уйдан чиқиб қўққисдан манзили ўзгарган қўшнимиз буюмини бизникида қолдирибди. Уйда боғча ёшидаги Улуғбек укаси ва синглиси билан қолган, биз ишда эдик. Сўнг ўша буюмни иккинчи бир қўшнимиз олиб туришни сўраб киради. Аммо Улуғбек бунга қаршилик қилиб, молнинг эгаси келмагунча бермайман, дебди. Кечки пайт уйга қайтсак, ҳамсоямиз бўлган воқеани айтиб, жажжи ўғлимнинг ақл-идроки, заковатидан лол қолганини айтди. Умуман, маҳалламиз аҳли Улуғбекнинг инсонийлик хислатларини яхши эслайди. Қўлида қандай юк бўлмасин, уйигача оғирини енгил қилишга чоғланган. Бировнинг омонатига хиёнат унга ёт эди.

Абдулла бобо уйида ўғлига атаб мўъжазгина музей ташкил этган. Уй-музейдаги суратлар, мактублар, қатор медаль ва эсдалик нишонлари Улуғбек билан боғлиқ хотираларни жонлантиради. Бу хонадон одатда, мактаб ўқувчилари билан гавжум бўлади. Бу ерга келувчиларнинг баъзи саволлари отахонни ҳам ўйга чўмдиради.

– Улуғбекнинг душманга қарши курашганини эшита туриб, бошланғич синф ўқувчиларидан бири тўсатдан «Душман нима дегани?» деб сўраб қолди, – дейди Улуғбекнинг отаси Абдулла Барноев. – Бироз ўйланиб, жавоб қилдим: – Душман уч хил бўлади. Биринчиси – ўғри. У молингни, бойлигингни ўғирлайди. Иккинчиси – қароқчи. У молингни ҳам, жонингни ҳам олиши мумкин. Энг охирги тоифадаги душман – босқинчилар. У юқоридаги икки нарсадан ташқари, юртингга дахл қилади. Тинчлигингга рахна солиб, эркингга эгалик қилади. Ватан посбонлари бизни шундай ёвлардан ҳимоя қилади.

Ҳозирги кунда қаҳрамонимиз туғилиб вояга етган йирик кўча унинг шарафига номланган. Улуғбек Барноев ўқиган мактаб ва коллеж ҳовлисида унга аталган ёдгорлик мажмуаси қад ростлаб турибди. Сержантнинг катта жасорати, Ватан олдидаги қаҳрамонлиги ёдимизда абадий сақланиб қолади.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти