Гиёҳвандлик – умр заволи

14

Бугунги кунда гиёҳвандлик жамият тараққиёти ва инсоният келажагига жиддий хавф солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган. Уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашларича, одам иммун танқислиги вирусини юқтиришнинг 20 фоизи айнан гиёҳвандликка боғлиқ экан. Шу билан бирга, С гепатитига чалинишнинг, В гепатитини юқтиришнинг сабабларидан бири шприц ёрдамида гиёҳванд моддаларни қабул қилиш оқибатида келиб чиқаётир. Мунтазам гиёҳванд модда қабул қилувчининг ҳаёти узоғи билан 5 йилда хазон бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, бу иллатнинг инсоният учун нақадар даҳшатли офат эканлиги аён бўлади.

“Заҳри қотил” жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ғов бўлиш билан бирга, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фуқароларнинг саломатлиги, келажаги ва ҳаётига рахна соляпти. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш, юртдошларимизни, айниқса, ёшларни бу хатардан асраш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртимизда гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи омиллардан бири сифатида қараб келинмоқда. Бу мақсадда 1999 йилда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз БМТнинг “Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона Конвенция”сига, “Психотроп моддалар тўғрисида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияларига қўшилган.

Мазкур иллатга мубтало бўлаётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этаётгани жуда ҳам афсусланарли ҳолдир. Кўпинча улар билиб-билмай гиёҳвандлик кўчасига кириб қолади. Бу билан ўзларининг келажагини барбод қилаётганларини кеч англашади. Гиёҳвандлик тўрига илинган одам нафақат ўзига, балки оиласига, бошқа яқинларига ҳам азоб-уқубат келтиради. Ундан туғиладиган фарзандлар бир умрга ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қолади.

Бу балога қарши курашишда профилактик чора-тадбирларнинг аҳамияти беқиёс. Бугун жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамкорлигида аҳолиси ўртасида мазкур иллатдан огоҳ бўлиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилиб, “заҳри қотил”нинг аянчли оқибатлари кенг тушунтириляпти. Айниқса, бу борада ёшлар ўртасидаги тарғибот тадбирларига алоҳида аҳамият қаратилаётир. Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълими муассасалари, маҳаллаларда келажагимиз эгалари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Шифокорлар, ҳуқуқшунослар, маънавият тарғиботчилари иштирокида уюштирилаётган тадбирларда ҳаётий мисоллар воситасида ёшлар огоҳликка чорланмоқда. Бундай кенг кўламли профилактика ишлари ижобий самара бериши шубҳасиздир.

Бу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларинигина эмас, балки кенг жамоатчиликнинг энг асосий вазифаларидан бири эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда, бундай салбий иллатлар жамиятимизга, фарзандларимизга ҳеч қачон таҳдид солмасин. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни “заҳри қотил”дан асраш, уларни соғлом турмуш тарзи талаблари асосида тарбиялашга барчамиз масъул эканлигимизни ҳеч қачон унутмайлик!

Подполковник Руслан РАДЖАПОВ, Қуролли Кучлар академияси ўқитувчиси