Мутолаа маданиятини оширишга доимий эътибор қаратилмоқда

22

Китоб – инсоннинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаи. У фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз томонидан нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисобланади. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси бўйича мудофаа вазирининг тегишли буйруғига асосан ҳарбий қисмларда ҳафтанинг ҳар чоршанбаси “Китобхонлик куни” деб эълон қилинган. Ана шундай китобхонлик кунларидан бири Термиз гарнизонида ҳам бўлиб ўтди.

– Биз бўлинмамиз билан келишган ҳолда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Ахборот ресурс марказидан ва ҳарбий қисм кутубхонасидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бўлинмамизга кўчма кутубхона ташкиллаштириб, сафдошларим билан мунтазам равишда бу китоблардан фойдаланиб келмоқдамиз, – дейди гуруҳ командирининг ўринбосари сержант Шуҳрат Жабборов.

– Ҳарбий хизматчиларимизнинг таклифларига биноан карантин қоидалари бўйича вазият енгиллашгандан сўнг “Китоб – келажак пойдевори”, “Ўзим ўқиган ва фарзандим ўқиётган мактабга китоб совға қиламан” шиорлари остида ҳарбий қисмда бир ойда бир маротаба “Китоб савдо ярмаркалари” ўтказишни режалаштиряпмиз, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Жамол Мирзаев.

Хуллас, ҳарбий хизматчилар жанговар билимларни чуқур эгаллаш қатори маънавий юксалиш сари ҳам доимо қатъий одим ташларкан, бу жараёнда китоб энг ишончли дўст эканини унутмайдилар.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизонидан