Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда хотира майдони очилди

66

Хотира ва қадрлаш – инсон ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонидир.

Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат-шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди ва фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.

2000 йил август ойида бир гуруҳ диний экстремистик террорчилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли аҳоли яшаш пунктларига бостириб кириб, тинчлик ва барқарорлигимизга рахна солмоқчи бўлгани, бироқ ўз мақсадларига ета олмай, ҳарбийлармизнинг қақшатқич зарбасига дучор бўлганини яхши биламиз. Бугун Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонларимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда барпо этилган хотира майдонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур майдонда Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси Қўқон шаҳарнинг моҳир ҳайкалтарошлари томонидан юртимиз қаҳрамонларининг сиймолари  акс эттирилган. Ушбу хотира майдонининг очилиш маросимида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Қўқон шаҳар ҳокими ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бугунги тинч ва осойишта, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун ўз жонларини фидо қилган юрт қаҳрамонларини хотирлашди.

Албатта, бундай тадбирни карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилиши таъминланди.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати