Профессионал десантчилар вазифани ҳар қандай вазиятда ҳам тўлақонли уддалайди

65

Ҳаво-десант тайёргарлиги

Одатда кўпчилик ҳавас қиладиган ишлар бир қадар машаққатли бўлади. Парашют билан сакрашни ҳам шунга менгзаш мумкин. Буни орзу қилмаган, “Маз-за қилиб тушасан” дея хаёлланмаган ёшлар учрамаса керак. Аслида парашютнинг ўзи Леонардо да Винчининг хаёл маҳсули. Бундан беш юз йил аввал буюк рассом парашютни хаёлан тасвирлаган. 1786 йилга келиб француз физиги Леонорман ушбу ускунани яратиб, унга “парашут” (грек тилида “para” – қарши ва “shyute” – тушиш) деб ном беради ва синаб кўради.

Бугунги кунда юртимизда десантчилар билан ўтказилаётган машғулотлар бутунлай янгича кўринишга кирган. Ҳар бир жараёнга янгича ёндашилиб, жанговар имконият сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсад ҳарбий хизматчиларни ноқулай вазиятларда ҳам қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга ўргатиш, жанговар шайлигини яна бир бор синовдан ўтказишдан иборат.

Парашют билан сакраш ҳақида гап кетганда бир қадрдонимизнинг таассуротларини эслайман:

– Биринчи марта сакраганингда кўп нарсани ҳис қилмайсан, чўчимайсан. Кейингисидан ўтиб олсанг, муваффақият сеники. Бу ҳолимни сира унутмайман. Иккинчи маротаба сакрашимда машғулот бекор бўлишини, ҳатто вертолётда носозлик юзага келишини истаганман. Хуллас, юрагим дов бермаган. Кейин учинчиси, тўртинчиси… Борган сари кўникиб, ботирлашиб бораркансан, – дейди у.

Қобилиятсиз одамнинг ўзи йўқ. Фақат имкониятларни тўғри баҳолаш, сайқал бериш, мунтазамликни таъминлаш лозим. Парашют билан сакраш эса маҳоратдан ташқари жуда катта таваккалчилик, жисмонан чиниққанлик, руҳий мустаҳкамлик, маънавий юксакликни ҳам талаб қилади. Учиш аппаратидан ажралиб чиқиш, ҳаводаги ҳаракат, қуролни ҳавода жанговар ҳолатга ўтказиш ҳамда қўниш жараёнини ўзлаштириш учун ўзига хос малака ҳосил қилиш лозим.

– Биласизми, ҳаво-десант тайёргарлиги деганда фақат парашют билан сакрашнигина тушуниш мутлақо нотўғри фикр. Аввало улар кундузи ва тунда, сувда, ноқулай шароитда ҳам парашют билан сакрай олиши лозим. Қолаверса, спортнинг муайян тури, масалан, қўл жанги билан мунтазам шуғулланишлари керак. Улар ўқ отишни ҳам, жанговар машиналарни бошқаришни ҳам, муҳандислик тайёргарлигини, хуллас, барча жанговар билим ва кўникмаларни ўзлаштирган бўлишлари шарт. Шундагина уларни ҳақиқий десантчи дейиш мумкин, – дейди подполковник Ғулом Туйчиев.

Тошкент ҳарбий округида жойлашган “Марказ” десантчилар тайёрлаш базасида ўтказилаётган машғулотлардан бирида тин олиб ўтирган ҳарбий хизматчиларнинг фикрлари билан ўртоқлашиш учун борганимизда адабий баҳс устидан чиқдик. Улар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётларида учрашган ёки кўришмаганликлари ҳақида мунозара қилишарди. “Бобурнома”дан далил келтираётган Ватан ҳимоячиси бизни кўриб дадилланди. Суҳбат тарихий воқеаларга, “Темур тузуклари”га уланиб кетди. Бу билан улар нафақат жанговар ва жисмоний тайёргарлик, балки маънавиятдан, китобхонликдан ҳам тобланганликларини кўрсатишди.

“Ватанпарвар” газетаси мухбири Азиз НОРҚУЛОВ