Кичик сержант хизмати муносиб эътироф этилди

178
Мукофот муборак!
 
Тождор вирусга қарши жанг майдонида мардона курашаётган, инфекция ўчоғида ишлаётган шифокору ҳарбийлар меҳнати таҳсинга лойиқ. Ҳамма ўз соғлиғи ҳақида қайғураётган бир пайтда элимиз саломатлигини асраш йўлида кунни тунга улаётган фидойиларимиз юртга, касбига садоқат билан хизмат қилмоқда.
 Бу жараёнда тиббиёт ходимларини керакли манзилга элтиш, уларнинг ёнида туриб, халқимизга астойдил кўмак беришда ҳайдовчиларнинг ҳиссаси кам бўлаётгани йўқ.
Тиббий хизмат кўрсатиш, таъминот ёки дезинфекция ишларида албатта транспорт воситасига эҳтиёж туғилади. Кичик сержант Абдулазиз Бўтабоев Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда кимёгар-ҳайдовчи сифатида хизмат ўтамоқда. Юртимизда карантин эълон қилинганидан бери тўрт ойдирки, у ҳам тиним билгани йўқ. Иш кўп, вақт тиғиз. У билан «икки оғиз» суҳбатлашиш ва суратга туширишни йўл-йўлакай амалга оширдик. Чунки ортга чекинмаётган вирус тарқалишининг олдини олишда ҳар дақиқа ғанимат.
Саҳар соат беш. Абдулазиз дезинфекцияга чиқиш учун «АРС-14» русумли «Зил» автомобили ва йўл варақаларини шай ҳолатга келтиради. Бу автомобиль заҳарли, радиофаол моддаларни дегазация, дезактивация, яъни зарарлантириш, дезинфекция қилишга мўлжалланган махсус машина ҳисобланади. Унинг ишчи ҳажми 2500 литр сув сиғимига эга. Шунча сув олиб келинганидан сўнг мутахассислар унга гипохлорид натрий ва гипохлорид кальцийнинг дозасини ўлчаб, дезинфекция учун белгиланган миқдорда аралашма тайёрлайди. Тажрибали ҳайдовчи ёнилғи, сувни кўздан кечиргач, отряд таркибида манзилга – ўзларига бириктирилган пойтахт туманига отланади. Бу ҳудуддаги деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар, кўчалар ва бошқа жамоат объектларида қилинаётган дезинфекция тадбирлари вирус тарқалишига оз бўлсада, чек қўяди.
– Машинадаги сув катта қатнов йўлларига пуркаб сепилгани учун ўртача 500-600 метр квадрат жойни дезинфекция қилиши мумкин, – дейди кичик сержант А. Бўтабоев. – Аммо бозор расталари каби машина кира олмайдиган объектлар 40 метрли шланг билан дезинфекция қилинганда ундаги сув кўпроқ жойга етади. Бу жараён кундалик иш тартибимизга айланиб улгурган.
Кичик сержант Абдулазиз Бўтабоевнинг Ватан ҳимоячисидек шарафли касбни танлашида акаларининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда унинг бир акаси ҳарбийлик касбидан нафақага чиққан. 1978 йилнинг августида Ёзёвон туманида туғилган қаҳрамонимиз ҳам бу касбни танлаб, кам бўлгани йўқ. Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, у 2011 йили пойтахт вилоятидан икки хонали уй соҳиби бўлди.
Энди суҳбатимизга сабаб бўлган хушхабар ҳақида тўхталсам. Президентимизнинг яқинда эълон қилинган тегишли фармонига мувофиқ, коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида қаҳрамонимиз ҳам бор.
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлида фидойилик кўрсатган ҳарбийларимиз кўпчиликка ўрнак бўлиши шубҳасиз.
– Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида борлигимни эшитганимда тунги соат ўн икки эди. Қувончимни сўз билан ифодалаш қийин, – дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, кичик сержант Абдулазиз Бўтабоев. – Бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган давлатимизнинг юксак эътибори, элнинг дуоси ғайратимга янада шижоат қўшади.
Ҳозирги синовли кунларда матонат билан ишлаётган саломатлигимиз посбонлари, юрт ҳимоячиларига осон бўлмаётгани барчамизга аён. Айни пайтда кимёгар-ҳайдовчи хатар ўчоғида юргани боис, яқинлари дийдорини кўзи қиймай, турмуш ўртоғи ва уч фарзандини ота уйига, Фарғонага юборган. Жигаргўшалари билан фақат қўнғироқлашиши мумкин. Тўғри, оиласи олисда, аммо соғлиқ ҳаммасидан муҳимлигини у тўғри англайди.
Мукофот соҳибини биз ҳам чин дилдан табриклаб, хайрлашдик.
«Ватанпарвар» газетаси мухбири Дилшод РЎЗИҚУЛОВ