Ҳарбийлар Қорақалпоғистон ва Хоразмда истиқомат қилаётган фахрийлар ҳолидан хабар олмоқда

58

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда ҳарбий пенсионерлар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари ҳамда дори-дармонлар тақдим этилмоқда.

Нуронийларимизни эъзозлаш, уларга юксак ҳурмат намунасини кўрсатиш, оз бўлса-да, шундай синовли кунларда кўнглини шод этишни мақсад қилган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар анъанани давом эттирган ҳолда гигиена ва карантин қоидаларига риоя этиб, Ҳонқа туманидаги “Қорақош”  маҳалласида истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фахрийси, бир асрга тенглашган Тўхтажон Қодирова ҳамда шу туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида кексалик гаштини сураётган уруш фахрийси Қўшназар Раҳимов, Урганч  шаҳридаги Маҳтумқули қўчасида яшовчи ҳарбий пенсионер Машариф Саидов хонадонида меҳмон бўлиб, уларнинг соғлигидан хабар олишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиятош туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон ва Совет-япон урушлари қатнашчиси Ражаб ота Курбанметов ҳолидан хабар олишга келган меҳмонларга отахон самимий миннатдорчилик билдириб, бундай эътибор ва ғамҳўрликдан кўкси тоғдек кўтарилганини таъкидлади.

Ҳарбий-тиббиёт ходимлари томонидан ҳар бир уруш ва меҳнат фахрийси ҳамда ҳарбий пенсионерларнинг саломатлигини текшириш мақсадида муолажалар ўтказилди. Соғликни сақлаш ва тетикликни ушлаб туриш бўйича мутахассис маслаҳатлари берилди. Шунингдек, фахрийлар уйларида профилактик дезинфекция тадбирлари ўтказилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати