Мен албатта ҳарбий бўламан

6

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Фармон бандларидан бирида “Буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Aмир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилсин”, деб белгиланган.

Шарқий ҳарбий округнинг Aндижон гарнизонида шу кунларда “Темурбеклар мактаби” га саралаш жараёни давом етмоқда. Синовлар карантин қоидаларига асосан ташкиллаштирилиб, унда Ватан ҳимоячиси бўлиш истагидаги ёшларнинг билимлари текширувдан ўтказилди.

Дастлабки имтиҳонлар она тили фани бўйича ташкил этилиб, кейинги босқичларда уларнинг руҳий ҳолати ва психологик қобилиятлари синовдан ўтказилди. Жараён ҳали давом этмоқда.

Ҳарбий ҳаётга қадам қўйиш истагини билдирган бу ёшларнинг олдиларида турган ушбу синовларни бирин-кетин енгиб ўтаётгани қувонарли. Бундан ташқари номзодларнинг соғлиғи ва жисмоний ҳолати ҳам текширувдан ўтказилади.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати