Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари 85 та оилага кўмак кўрсатди

6

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ёрдамга муҳтож 85 та оилага 2 ҳафтага етадиган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Мана 3 ойдирки, ҳарбий хизматчилар ташаббуси билан «Саховат карвони» Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларидаги кам таъминланган, оиласида ногирон инсонлар бор хонадонларда бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳарбий округ қўмондонлиги таклифига асосан вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шакллантирилган рўйхат асосида икки ҳафтада бир бор бундай оилаларга беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.

Самарқанддаги учта маҳалладаги 30 та оилани ҳарбий округ қўмондонлиги оталиққа олган бўлса, Жиззах ва Навоий вилоятларида жами 55 та оилага ҳудуддаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари кўмак беряпти.

– Карантин даврида ҳарбийлар ҳолимиздан хабар олиб, кўнглимизга кўтаринкилик бағишлади. Рўзғоримизда етишмовчилик бўлиб турганди. Турмуш ўртоғим вафот этган, мен ва қизим яшаймиз. Ҳарбийлар ун, шакар, ёғ, гўшт ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини келтириб беришди. Улардан миннатдормиз, – дейди Мариям ая Амонова.

Шунингдек, ташриф давомида хонадонлар дезинфекция қилиниб, фуқароларни тана ҳароратлари текширилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати