Маънавий-маърифий тадбир мавзуси Давлат герби ҳақида бўлди

6

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда  “Давлат герби – бахт ва истиқлол тимсоли” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Махфрат Зикирова, юридик фанлар номзоди, профессор Феруза Муҳиддинова, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актрисаси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Мақсуда Отажонова, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳиби, шоир Сирожиддин Раупов ҳамда театр актёри Аҳрор Алижоновлар иштирок этишди.

Сўзга чиққанларнинг Давлат гербимиз, унда акс этган элементлардан кўзланган маъно-мазмун ҳақидаги фикрларини курсантлар диққат билан тинглади.

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти