Ҳарбий ва махсус техникалар темир йўл орқали Нукусдан Тошкентга юборилди

55

Нукус гарнизонидаги ҳарбий ва муҳандислик бўлинмаларининг йиллар зайли билан модернизация ва таъмирталаб бўлиб қолган махсус техникалари темир йўл орқали Мудофаа вазирлигининг Тошкент шаҳридаги Марказий муҳандислик автомобиль базасига юборилди.

Ҳар қандай техника ва жиҳоз йиллар давомида эксплуатация қилинганидан кейин албатта, таъмирга ёки бугунги кун талабига мос бўлиши учун модернизация қилинишга муҳтож бўлиб қолади. Ҳарбий соҳада ҳам қўшинларнинг юқори жанговар шайлигини таъминлаш, ҳар қандай вазиятда техника ва қурол-яроғни қўллашга тайёрлигини ушлаб туриш мақсадида уларга алоҳида эътибор берилиб, ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилади.

Таъкидлаш жоизки, техникаларни юклаш ва уларни вагонларга қотириш жараёнлари техника хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилиши таъминланди. Ҳарбий хизматчиларнинг дам олиши ҳамда овқатланиши учун махсус жойлар жиҳозланиб, малакали ҳарбий тиббиёт мутахассисларидан иборат кўчма тиббиёт пункти ташкил этилди.

Ҳарбий техника ва юкларни ташиш жараёнида қўриқловни амалга ошириш мақсадида илғор ҳарбий хизматчилар қаторидан қоровул шахсий таркиби тайинланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати