Марказий ҳарбий округда Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан учрашув ўтказилди

6

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан яқинда хизматни бошлаган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар Содиқжон Турдиев ва Ҳасан Нормуродовлар билан учрашуви ташкил этилди.

Дастлаб Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов Қаҳрамонларга ҳарбий хизматчилар учун замон талаблари асосида жиҳозланган барча қулайликларга эга бўлган электрон ва бадиий кутубхона, ошхона, ётоқхона ва панорамали отиш мажмуали синфларни таништирди.

Шундан сўнг Марказий ҳарбий округнинг ситуацион марказида Ўзбекистон қаҳрамонлари ва аскарлар учрашуви ташкил этилди. Давра суҳбати тарзида ўтказилган тадбир Қаҳрамонларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш шарафли бурч эканлиги борасидаги фикрлари билан мазмунли ва қизиқарли ўтди.

– Бугун менинг ҳаётимда унутилмас кун бўлиб қолди. Сабаби, бир эмас, икки нафар Ўзбекистон Қаҳрамони билан илк маротаба учрашдим. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ва юртимиз тараққиёти ҳамда ривожи йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишгани менинг эртанги куним учун дастурил амал бўлиб қолди, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи Достонбек Ўнғоров.

Суҳбат жараёнида муддатли ҳарбий хизматчилар меҳмонларни давлатимизнинг юксак мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан қутлаб, ўзларининг Ватанни мадҳ этувчи шеърларидан ўқиб беришди. Шу лаҳзада, Қаҳрамонлар округ қўшинларида йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида шеърият ва китобхонлик танловларини ўтказиш ва якунда уларни рағбатлантириш мақсадида яна бир бор ташриф буюришларини билдириб, ташаббус билан чиқишди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Қаҳрамонлари муддатли ҳарбий хизматчиларга хизмати давомида улкан зафарлар тилаб, уларга “Темур тузуклари” китобини ҳадя этишди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати