Ҳарбий оилалар бандлиги, китобхонлик ва ёшлар келажагига эътибор

5

Мудофаа вазирлиги масъул мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳнинг Шарқий ҳарбий округ бўйлаб хизмат сафари давом этмоқда. Сафар давомида ҳарбий қисм ва муассасаларда хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларнинг иш фаолиятлари ўрганилиб, амалий кўрсатмалар берилмоқда.

Гуруҳ аъзолари Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий шаҳарчасида бўлиб, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди. Унда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун яратилган шарт-шароитлар, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи, бекаларнинг тадбиркорликка жалб этилиши, шунингдек, ёшларнинг китобхонлик маданиятини эгаллашларига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари мазкур ҳарбий шаҳарчада Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда Чуст туман давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари билан “Ёшлар бизнинг келажагимиз” шиори остида қувноқ стартлар мусобақаси ўтказилди. Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кўкрак нишонлари, ўқув қуроллари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари билан уларнинг дам олиш вақтини мазмунли ўтказишларига ҳисса қўшиш мақсадида ҳарбий қисм ҳудудида ташкил этилган мўъжазгина боғда расм чизиш ва шахмат-шашка бўйича мусобақа ўтказилиб, ғолибларга турли бадиий  китоблар ҳадя қилинди.

Мазкур ҳарбий қисмга қарашли ҳарбий шаҳарчада сержант Алижон Мадумаровнинг турмуш ўртоғи Муаззам Мадумарова ташаббуси билан “Замзам” номли тикувчилик цехи ташкил этилган. Ҳозирда мазкур цехда 10 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари меҳнат қилмоқда.

Зулфия МАНСУРОВА, Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассис