Ҳарбий округ қўмондони ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан суҳбат ўтказди

62

Юрт ҳимоясида турган инсоннинг жанговар-хизмат вазифаларини сидқидилдан, виждонан ва садоқат билан бажариши, касбий малака ва маҳоратини ошириб бориши, ўз устида изланиши, юксак натижаларга эришишида албатта, ҳарбий хизматчининг оиласидаги муҳит ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Соғлом, фаровон ва бахтли турмуш оила аъзоларнинг ишига унум бағишлайди.

Нукус гарнизонида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ўтказилган давра суҳбатида айнан шу ҳақда сўз борди.

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов бугун Президентимиз томонидан ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани, уй-жой билан таъминлаш, ҳарбийларнинг фарзандлари ўқишга киришида қўшимча имтиёзлар яратиш, оила аъзолари бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш борасида салмоқли ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида оила муқаддаслиги, унда ҳам ота, ҳам онанинг олдида масъулиятли вазифа – фарзанд тарбияси борлиги эслатиб ўтилди. Мамлакатимизнинг ҳар хил вилоятларидан келиб, Нукусда яшаётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида ўз ҳудудига хос бўлган ва бизгача сақланиб қолган анъана ва удумларни тарғиб қилиш, Қорақалпоғистон халқининг бой тарихий мероси, анъаналари ва удумлари билан яқиндан танишиш орқали ҳурмат намунасини кўрсатиш ҳар биримиз олдимизда турган бурчимиз, деб қаралиши зарурлиги таъкидланди.

Самимий руҳда ўтган суҳбат жараёнида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ўйлантириб келаётган масалалар ўрганилиб, қўмондонлик томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Аёлларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.

Тадбирда ҳарбий оилаларнинг маънавиятини янада ошириш, оилада китобхонликни тарғиб этиш мақсадида китоб ярмаркаси ташкил этилди. Якка тартибдаги тадбиркор Махада Алламбергенова миллий сувенирлар ишлаб чиқариш мисолида оилавий тадбиркорлик сирлари ҳақида аёлларга маҳорат дарсини ўтказди.

Жамоат ишларида фаол бўлган бир гуруҳ юрт ҳимоячиларининг оила аъзолари ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар йиғилганлар қалбини хушнуд этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати