“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасидаги қатор тадбирлар ўтказилди

4

Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисм ва муассасаларида ўтказилган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасидаги онлайн мулоқот ва давра суҳбатлари ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга, уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини оширди.

Жумладан, Жиззах гарнизонидаги «Коррупция миллат таназзули» мавзусидаги давра суҳбатида коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиши, ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари ва пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришлари қонунга хилоф равишда жиноятга олиб келиши мисоллар билан тушунтирилди.

Самарқанд ва Каттақўрғон гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда ўтказилган профилактик тадбирларда осон йўл билан мўмай даромад орттиришга ҳаракат қилиш, товламачилик ва фирибгарлик, бунга қарши жамиятда ҳуқуқий онгни юксалтириш борасида маълумотлар бериб ўтилди. Шунингдек, “шахс-оила-маҳалла-таълим муассаса-ташкилот-жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий алоқани йўлга қўйиш борасида фикрлар алмашилди. Тадбир якунида ҳуқубузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган видеофильм намойиш этилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида ривожланаётган жамият аъзоларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксак, ҳуқуқий онги, маданияти ва саводхонлик даражаси баланд, шунингдек жамиятдаги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғуси юқори бўлиши муҳим омил экани эътироф этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати