Ҳарбий хизматчилар ва фарзандлари учун эсда қоларли экскурсия

6

Бугун, 2 июль куни Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ва уларнинг фарзандлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносига экскурсия ташкил қилинди.

Экскурсия давомида улар эътиборига эришилаётган инновацион ютуқ ва технологиялар, Инновацион ривожланиш вазирлигида 30 июнь – Ёшлар кунида старт берилган Республикамизнинг чекка ҳудудларида мамлакатимиз ривожланиши учун муҳим бўлган соҳаларга қизиқувчи ёшларга таълим беришга мўлжалланган “TexnoBus” технологик мобил таълим платформаси ҳақида маълумотлар берилди.

“TexnoBus” технологик мобил таълим платформаси ёрдамида робототехника ва электроника, 3Д прототиплаштириш,  муқобил энергия манбалари, дастурлаш, VR/AR ва бошқа интерактив йўналишлар бўйича ёшларга таълим берилади.

Яъни мазкур таълим платформаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилаётган Ёшлар технопаркининг асосини яратиш ва унда фаолият олиб борувчи иқтидорли ёшлар жамоасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Саёҳат иштирокчиларга, айниқса болаларга жуда манзур бўлди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти