СПОРТ ВЗВОДИ – ЁШ ВА УМИДЛИ СПОРТЧИЛАРНИНГ ШАКЛЛАНИШ МАКТАБИ

5
????????????????????????????????????

Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг аскарлари ўртасида муддатли ҳарбий хизматни спорт взводида давом эттиришга лойиқ номзодларни саралашга бағишланган баҳслар бўлиб ўтди.

​аъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлиги қўшинларида армия спорти нуфузини юксалтириш, ёш ва умидли спортчиларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчилар орасидан спорт йўриқчиларини тарбиялаш ҳамда Қуролли Кучлар миқёсида ва бошқа нуфузли мусобақаларда юрт ҳимоячиларининг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида барча ҳарбий округларда спорт взводларининг фаолияти самарали йўлга қўйилган. Спорт ва жисмоний тайёргарлик билан чуқур шуғулланишга йўналитирилган мазкур ҳарбий жамоаларда офицер ва сержантлар билан бир қаторда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар ҳам хизматни ўтайди. Бунинг учун кунлик қўшимча калория ва витаминларга бой бўлган алоҳида таомнома асосида аскарларнинг овқатланиши ташкил этилиб, йўналишлар бўйича кўпроқ вақтини спорт билан шуғулланишига имкон яратилган.Шимоли-ғарбий ҳарбий округ шарафини республика ҳамда куч тузилмалари ўртасида кечадиган мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишда давом этаётган спорт взводи бу йилги мавсумда ҳам олдига катта марраларни забт этишни мақсад қилиб, янги куч билан тўлмоқда.

орий йил муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳамда Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган 14 кунлик карантин даврини соғ-саломат ўтказган 200 нафарга яқин ёшлар кейинги хизматини спорт взводида ўташ учун номзод сифатида саралаб олинди.

Армияга келишдан олдин спортнинг дзюдо тури билан мунтазам шуғулланиб, 2016-2018 йиллар мобайнида мамлакат миқёсидаги мусобақаларда 3 йил давомида чемпионликни қўлга киритиб келганман, – дейди қашқадарёлик муддатли ҳарбий хизматчи Иззатилло Орзиқулов. –  Эндиги мақсадим – жаҳон чемпионатларида қатнашиб, юртимиздан чиққан мард пахлавонлар каби мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтаришдир. Ҳарбий хизматга келишдан олдин армияда спортга эътибор жуда катта бўлишини эшитгандим. Эндиликда бу ерга келиб, айтилган гапларнинг исботини топдим. Албатта, Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳарбий округимиз шарафини ҳимоя қилиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Менга билдирилган ишончни юксак ғалабалар билан оқлашга тайёрман.

Эндигина муддатли ҳарбий хизматга келган ёшларда спортга бўлган қизиқишни кўриб, юртимизда ўсиб келаётган авлодга спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ўз самарасини бераётганини кўриш мумкин.Айтиш жоизки, спорт взводида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўзларининг маҳоратларини ошириб бориши ҳамда спорт техникасини юксалтириши учун спорт базаларида барча шароитлар муҳайё этилган. Қўшимча юклама остида меъёрларни бажариб, мураккаб машғулотларда тобланаётган ҳарбий хизматчиларнинг маданий ҳордиқ олиши ҳамда руҳий ҳолатини меъёрда ушлаб туришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2019 йилда спорт взводи спортчилари томонидан қуйидаги натижаларни эътироф этишимиз мумкин:

февраль-март ойларида Россия Федерациясида ўтказилган бокс бўйича Халқаро турнирда Фурқат Шамуратов фахрли 1-ўринни эгаллади.

март ойида Саудия Арабистонида ўтган“Туялар фестивали” доирасидаги “Кўчманчилар олами” этнофестивалида миллий кураш бўйича Халқаро мусобақада қатнашган Жасур Қаршибоев, мутлоқ вазн тоифасида фахрли 3-ўринни қўлга киритди

апрель ойида Комбат Айкидо бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида округ спорт взводи аъзоси Бобомурод Рахмонов 3-ўринга муяссар бўлди. Шу ойнинг ўзида Учқун Муродов хотирасига бағишлаб Тошкент вилоятида бўлиб ўтган дзюдо бўйича Осиё очиқ чемпионатида Муҳаммад Жумаев 73 кг вазнлилар ўртасида қўли баланд келиб, ғолибликни қўлга киритган;

апрель ойида Исроилжон Мамажонов “Ўзбек жанг санъати” бўйича Тошкент шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой эгаллади. Шу ойда Нукус шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича Қорақалпоғистон кубоги баҳсларида округ спорт взводи муддатли ҳарбий хизматчилари 2 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлишди.Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича Осиё-Океания чемпионатида Шарофиддин Болтабоев Ватанга кумуш медаль билан қайтиб келди;

апрель-май ойларида Комбат Айкидо бўйича Ўзбекистон очиқ турнирида муносиб иштирок этган спорт взводи жамоаси умумий ҳисобда фахрли 1-ўринни қўлга киритди;

июнь ойида Таэквон-до ITF йўналиши бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтганЎзбекистон чемпионатида Исроилжон Мамажонов 3-ўриндан жой олди. Шу ойнинг ўзида Қашқадарё вилоятида ўтган Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳсларида Бунёдбек Анваржонов ва Сарвар Икромов ҳам 3-ўринларни эгаллади;

сентябрь ойида Андижон шаҳрида В.А.Золотарев хотирасига бағишлаб ўтказилган бокс бўйича XII халқаро турнирда Фуркат Шамуратов шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди;

октябрь ойида Комбат Айкидо бўйича Ўзбекистон кубогида муносиб иштирок этган спорт взвод жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўриннинг соҳиби бўлишди. Улар томонидан мусобақада 7 та олтин ва 1 та бронза медали ютиб олинди.

Дзюдо бўйича Токио – 2020 олимпиадаси рейтинг балларини йиғиш учун иштирок этган спорт взводи дзюдочиси Шарофиддин Болтабоев сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Гран-При мусобақаси ғолиби бўлди. Россия Федерациясида май ойида ўтган Очиқ Европа кубогида эса Мусо Собиров 3-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон чемпионатлари ва Халқаро турнирларда иштирок этган курашчилар сирасидан Муҳаммад Жумаевни эътироф этиш жоиз. У Тошкентдаги ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон кубоги баҳсларида 2-ўринларни, шунингдек Қирғизистонда ўтган Осиё очиқ турнирида 3-ўринни қўлга кирита олди. Яна бир умидли спортчи Рахматилло Нурдинбеков Самарқандда ўтган миллий кураш бўйича Халқаро очиқ турнирида олтин, миллий кураш бўйича Фарғона Халқаро турнирида эса бронза медалига сазовор бўлди. Монголияда ўтган Белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатида эса Раҳматилло бронза медали билан Ватанга қайтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшларни фан, маданият ва санъат, спорт ҳамда замонавий ахборот технологияларни чуқур ўрганишга бағишлаб илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга кенг тарғиб этиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар учун спорт турлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳарбий округ базасида қўл жанги, комбат айкидо, миллий кураш, дзюдо, белбоғли кураш, турон якка кураши, бокс, армия биатлони, волейбол, енгил атлетика, ўқ отиш, тош кўтариш, бадиий гимнастика, кураш, аёллар учун фитнес ва болалар учун миллий рақс тўгараклар фаолияти кўрсатмоқда. Ҳайрли ташаббус сифатидаокруг спорт взводи базасидаги қўл жанги, самбо, бокс, бадминтон, бадиий гимнастика, футбол спорт турлари бўйича тўгараклар ўз фаолиятини беғараз асосда олиб бораётганини эътироф этиш жоиз.

Жаҳон, қитъа, республика ва халқаро спорт мусобақаларида жорий ўқув йилида ҳам мамлакатимиз ва Мудофаа вазирлиги шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилган ҳарбий округ спорт взводи жамоаси ҳозирдан олдига улкан марраларни забт этишни мақсад қилмоқда. Албатта, навқирон, шижоатли, умидли ёшлар билан бутланиб келаётган ушбу ҳарбий жамоа олдига қўйган мақсадларга эришиб, юксак натижалар билан бизни қувонтиришига ишонамиз.

Майор Темур НАРЗИЕВ, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи