Олий ҳарбий таълим муассасаларига абитуриентлар сараланмоқда

50

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ шу кунларда жойлардаги Мудофаа ишлари бошқармаларида олий ҳарбий таълим муассасаларига абитуриентларни саралаш тадбирлари давом этмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармасида ҳам жараён қизғин. Саралаш тадбирлари карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб бориляпти.

Дарҳақиқат, бугун олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу улар ўртасида шарафли касбга ҳавас ва иштиёқ юқорилигидан, ватанпарвар ёшлар сафи ортаётганидан далолат.

Бутун дунёда кузатилаётган Covid–19  пандемияси сабабли абитуриентликка номзод ёшлар дастлаб коронавирусга тест топширдилар. Вирус аломатлари топилмагач, улар тиббий кўрикдан ўта бошлади.

Кейин эса улардан психологик тест синовлари олинди. Мазкур босқичдан муваффақиятли ўтганлар жисмоний тайёргарлик бўйича белгиланган меёрларни топширадилар.

Барча синов ва танловлардан ўтган ўғлонлар 1 август куни бўлиб ўтадиган давлат тест синовларига йўл олади.

Нозима МАМАТОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти