Термизда сана муносабати билан расм чизиш танлови ўтказилди

5

Давлат герби – давлат рамзларидан бири. Унда давлатнинг миллий, сиёсий, иқтисодий хусусиятлари, ижтимоий ва давлат тузуми, географик ва бошқа белгилари ўз ифодасини топади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг фарзандлари билан ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Аҳрор Жаъфаров, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаси ҳамда вилоят Маънавият-маърифат маркази раҳбари Наргиза Раҳматуллаевалар иштирокида “Ўзбекистон давлат герби – миллат фахри” мавзусида расм чизиш танлови бўлиб ўтди.

– Бугунги ўтказилган тадбирда мен ҳам иштирок этиб, давлатимиз рамзи бўлган гербни чизишда фахрли биринчи ўринни эгалладим. Бу менга ва бизнинг оиламизга катта қувонч бағишлади. Мен ва шу ерда иштирок этган барча ўғил-қизлар; ҳаммамиз ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари эканлигимиздан фахрланиб, келгусида Ватан равнақи йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга ваъда берамиз, – дейди контракт бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Акмал Тошбековнинг фарзанди Асилбек Файзуллаев.

Танловда ғолиб чиққан иштирокчилар ҳарбий қисм командирининг эсдалик совғалари ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати