Ҳарбий қисмда қутлуғ сана

63

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий қисм ташкил этилган санага бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилган тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфутдинов ҳарбий қисм шахсий таркибини ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, юрт посбонларининг келгуси фаолиятида омад ва зафарлар тилади.

– Миллий армиямиз сафларида ўз ўрнига эга бўлган ушбу ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўтган давр мобайнида турли тактик ўқув машғулотлари, умумармия ўйинлари, халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, юртимиз нуфузини янада юксалтириш, Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилишига муносиб ҳисса қўшган, – дейди взвод командири майор Элдор Абдураҳмонов. – Халқимиз олдида ўзининг ҳарбий бурчини бажариб келаётган юрт ўғлонлари замонавий, ихчам ва ҳаракатчан куч тузилмалари таркибида Қуролли Кучларимиз салоҳиятини намоён этиб келмоқда. Мен ҳам ҳаётимни Ватанимиз ҳимоясига бағишлаганимдан фахрланаман.

Сана муносабати билан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдан муайян ютуқларга эришган, ҳарбий округ, Мудофаа вазирлиги ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий оркестр садолари остида навбатдаги ҳарбий унвон, қимматбаҳо ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Ҳарбий қисмда ташкил этилган Хотира хиёбонида Ватанимиз тинчлиги ва осойиштилаги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар хотирланиб, улар монументи пойига гулчамбар қўйилди.

Тантанали тадбирда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ва ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг қўл жанги ва кўргазмали чиқишлари йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти