Болажонларнинг давлатимиз рамзи ҳақидаги билимлари оширилди

10

2 июль – давлатимиз рамзларидан бири, Ўзбекистон Республикасининг давлат герби таъсис  этилган кун. Сана муносабати билан Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг  Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган бўлинмасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирокида “Гербимиз-фахримиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Дастлаб, болажонларга давлатимиз рамзининг яратилиши тарихи, унда акс эттирилган тасвирларнинг мазмун-моҳияти хусусида тушунча берилди. Гербни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди. Шундан сўнг кичкинтойлар ўртасида мавзуга оид энг яхши ижодий ишлар кўрик-танлови ўтказилиб, ғолиблар китоблар ва буклетлар билан тақдирланди.

Таъкидлаш лозимки, бу каби тадбирлар эртамиз эгаларининг  қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада ошириб, давлатимиз рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати