Маъмурий тартиб-таомиллар нима ?

9

Маъмурий тартиб-таомиллар бу – бир томондан, давлат идоралари ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни, иккинчи томондан эса, кўплаб бўйсунмайдиган субъектлар – фуқаролар ва ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборат жараён.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий қоидаларидан бири манфаатдор шахсларни тинглашдир. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг Президенти таъкидлаган “халқ билан мулоқот”нинг ажралмас қисмини ташкил этади.

 

“МАЪМУРИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР ТЎҒРИСИДА”ги қонун ҳақида нималарни биласиз?!

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ

ва эркинликларини амалга оширишнинг, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг қонуний манфаатларини таъминлашнинг, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозлик кўринишларига барҳам беришнинг зарур бўлган институционал ва ташкилий механизмлари шакллантирилган. Маъмурий тартиб-таомиллар амалда кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу билан бирга, ҳуқуқий базани шакллантириш давомида маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона стандартлари мавжуд эмаслиги – уларнинг алоҳидалиги ва турли хил ёндашувлиги билан фарқ қилишига олиб келган. Ҳозирда маъмурий тартиб-таомилларга тааллуқли бўлган энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимли ёндашувсиз ушбу институтнинг алоҳида бир элементларини очиб берган. Улар орасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги

ва “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларни қайд этиш лозим. Қоида тариқасида, кўрсатиб ўтилган ҳар бир қонун доирасида ўнлаб қонуности ва ички идоравий ҳужжатлар амалда бўлган. Натижада давлат органларида маъмурий амалиётни тушунишда ҳам, унинг тартибини белгилаш масаласида ҳам турли хил ёндашувлар юзага келган. Ушбу ҳолатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг тегишли тарзда тартибга солинмаганлигини ҳамда ушбу соҳада ягона, махсус қонун қабул қилиш зарурлигини кўрсатди.

Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишнинг долзарблиги, шунингдек, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти мониторинг қилиниши давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар билан ҳам асосланади. Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш ўрганилган давлат органларининг фаолиятидаги қонунчиликнинг тизимли равишда бузилишини, муаммо ва камчиликларни аниқлашга имкон берди, ушбу ҳолатлар эса, кўп жиҳатдан, давлат органлари томонидан маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асосларнинг мавжуд эмаслигига боғлиқдир.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинишида кўзланган мақсад: маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг стандартлашиши ва енгиллаштирилиши туфайли давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларининг қонунийлиги ва шаффофлиги даражасини ошириш;

маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши

ва бажарилишининг замонавий технологияларини сингдириш асосида давлат хизматларини сифатли кўрсатиш учун шароитлар яратиш;

маъмурий-ҳуқуқий соҳада вужудга келаётган муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солинишининг тизимлилигини ва комплекслигини таъминлаш;

маъмурий тартиб-таомиллар амалга оширилишининг самарали ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш;

маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш;

сифатли давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратади, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг аниқ тезкор механизмини таъминлаш;

коррупциянинг олдини олишнинг самарали воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофликни таъминлаш.

Юқоридагиларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ–4848-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 6-банди ҳамда 2017 йил 7 февралдаги

ПФ–4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 15-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 январь куни имзоланган, 2019 йил 9 январь куни кучга кирди.

Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Манфаатдор шахс – қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс.

Маъмурий ҳужжат – маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси.

Маъмурий иш юритиш иштирокчилари:

маъмурий орган;

қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки амалга оширилаётган маъмурий ҳаракат ўзига қаратилган шахс (адресат);

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс (учинчи шахс).

Шу билан бирга мазкур Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Маъмурий ишни кўриб чиқишнинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил белгиланган, давлат органлари ва фуқаро, ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини акс эттирувчи маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари ўрнатилган. Қонунда маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг ҳамда улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартибини, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш асосларини белгилаш кўрсатиб берилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан боғлиқ алоҳида масалаларни (йиғилиш ўтказиш, ишни кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш, бошқа ички идоравий расмий ҳаракатлар ва ҳ.к.) қонуности ҳужжатлари, шу жумладан тегишли регламентлар билан тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Мудофаа вазирлиги юридик бошқармаси