Қўмондон ва ёшлар учрашуви

12

“Ёшлар ойлиги” доирасида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ёшлар ва уюшмаган ёшлар билан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда учрашув ўтказди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида Самарқанд вилоятидаги 16 та туман ва шаҳарлардан 40 нафарга яқин, туман студияларидан эса онлайн тарзда 200 нафарга яқин ёшлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.


Дастлаб округ қўмондони ёшларга бугунги кунда миллий армиямизнинг жанговар салоҳияти, ундаги ўзгариш ва янгиланишлар, муддатли ҳарбий хизматга бориш ва ишга қолиш тартиби, хизматдаги имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг қўмондон ёшларнинг карантин давридаги бўш вақтларига қизиқиб, бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшлар учун катта имкониятлар яратилаётгани ва ҳар бир ёшни четда қолдирмай, уларни жисмонан бақувват ва ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ғамхўрликлар, улар учун яратилаётган шароитлари тўғрисида ёшларга маълумотлар берди.
Музокараларга бой тарзда ўтган учрашувда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди. Тадбир улар қалбида Ватан эртаси учун дахлдорлик ҳисларини оширди.
Тадбир якунида ёшларимизга Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан бадиий адабиётлар тўплами ҳамда эсдалик совғалари улашилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан улар эътиборига қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати