Байроққа эгилур, бу азиз бошлар!

47

Офицерлик елкадаги қўш-қўш катта-кичик юлдузчалар билан ўлчанмайди. У – масъулият, у – бурч, у – садоқат!
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида битирувчи курсантларга ана шундай сифатларни ўзида мужассам этган офицерлик – лейтенант ҳарбий унвони берилди. Улар олий ҳарбий билим юртидаги таҳсилни тугатдилар.
Тантанали маросимда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари – сенаторлар, депутатлар, шоир-ёзувчилар ва билим юрти шахсий таркиби иштирок этди.


Тадбир аввалида битирувчи курсантларга мудофаа вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди. Унда таъкидланганидек, олий ҳарбий билим юрти битирувчилари қўшинларда ўрнак ва ибрат намунаси бўлиши керак.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов ҳам айнан мана шу билим юрти битирувчиси. Тантана бўлиб ўтаётган муқаддас саф майдонида у ҳам бугунги ёшлардек лейненант ҳарбий унвонини қабул қилиб олган. У ўз нутқида ёш офицерларга миллий армиямиз нуфузини янада ошириш, она Ватан олдидаги йигитлик бурчини ҳаёт мазмунига айлантирган, ўз тақдирини мамлакат тақдири билан боғлаган ҳарбий хизматчиларга улкан муваффақият ва зафарлар тилади.
Шундан сўнг йигитларга бирин-кетин дипломлар, ҳаёт ва хизмати давомида асқатадиган турли хил китоблар тарқатилди.
…Саф майдони бўйлаб билим юртининг жанговар байроғи олиб ўтилди. Билим юрти битирувчилари – лейтенантлар сўнгги бор бу байроқ олдида азиз бошларини эгишди. Бу ҳаяжонли лаҳзалар инсон ҳаётида қайта такрорланмайди…
Битирув маросимида шунингдек, ҳарбий оркестр томонидан ватанпарварлик мавзусидаги куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти