Қуролли Кучлар академиясида навбатдаги битирув тадбири бўлиб ўтди

183

Бугун, 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида ушбу олий ҳарбий таълим муассасасининг ва Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультети битирувчиларининг тантанали навбатдаги битирув маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов барча битирувчиларни ва шу муносабат билан уларнинг яқинларини қутлаб, том маънода машаққатли ва шарафли касб соҳиби бўлган ўғлонлар офицерлик фаолиятлари давомида билдирилаётган ишончни доим оқлаб юришларини тилади.

Таъкидланганидек, бундан тўрт йил бурун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясига илк қадам қўйган курсантлар бугун саф майдонида қўр тўкиб турган лейтенантларга айланди. Ҳозирда бошқа соҳалар қатори мудофаа тизимига берилаётган эътиборнинг яққол намунаси бўлган мазкур олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиш мамлакатимиздаги минглаб ёшларнинг орзуси.

Маросимда битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Мудофаа вазирлиги “Турон” театр жамоаси, ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар, Қуролли Кучлар Марказий ашула рақс ансамблининг дилтортар наволари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Бобур ЭСОНОВ,

III даражали сержант Олим БЕРДИЕВ суратга олган.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти