Юксак маънавият ила кучли ва қудратлимиз

57

Бухорои шариф қадимдан илм-фан, маърифат ва маданият ўчоқларидан бириб бўлиб келган. Бу заминда камол топган кўплаб қомусий олимлар жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Буюк бобокалонларининг муносиб издошлари бўлган бухороликлар бугун ҳам жамиятимизнинг турли соҳаларида фаоллик кўрсатиб, юртимиз равнақига салмоқли улуш қўшмоқдалар. Улар орасида ҳарбийлик соҳасини танлаб, унинг бор масъулияти-ю, шарафини зиммасига олган фидойи ўғлонлар ҳам кўп.

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам юрт посбонларининг маънавиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилган кутубхонада ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг китобхонлик маданиятини янада ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Кутубхона фондидан олти мингга яқин миллий ва жаҳон адабиёти намуналари, мумтоз ҳамда замонавий ижодкорларнинг асарлари ўрин олган. Шинам, ёруғ бу маскан чиндан ҳам ўзидан зиё таратиб тургандек гўё.

Ўз навбатида ҳарбий хизматчилар яратилган бундай шароитлар ва қулайликлардан оқилона фойдаланишга интилмоқда.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати