Ёшлар дилида қувонч, шукроналик ҳамда эртанги кунга ишонч ҳислари ҳукмрон

8

Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси доимо давлатимиз эътиборида. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги Қарорига асосан ҳар йили ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида Республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилаётгани ҳам фикримизнинг амалдаги исботидир. Шу кунларда Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ана шундай тавсияномалар тантанади равишда топширилмоқда.

Жорий йилда Мудофаа вазирлиги  тизимида кўп йиллардан бери хизмат қилаётган 964 нафар, хизмат бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган ёки оғир жароҳат олган  90 нафар юрт ҳимоячиларининг фарзандларига тавсияномалар топширилди.  Қайд этиш керакки, мазкур тавсиянома мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар хизматда сафдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлган ҳарбий хизматчиларнинг олий таълим муассасасига кириш истагида бўлган фарзандларига топширилади.

Қуролли Кучлар академиясининг 39 нафар жонкуяр  ва ташаббускор ҳарбий хизматчиларининг фарзанди тавсияномага эга бўлди. Шунингдек, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги, Тошкент, Шарқий, Марказий, Шимоли-ғарбий ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округларида ҳам ҳарбий хизматчилари юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги йўлида куну тун хизмат қилиб келмоқда. Бугун ана шундай юртга фидойи бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам олий таълим муассасасига квота асосида ўқишга киришда қўл келадиган имтиёзга эга бўлдилар.

Таъкидлаш керакки, мазкур тавсияномага эга бўлган ёшларга таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари республика олий таълим муассасалари учун – 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилади.

Имтиёзни қабул қилиб олган ёшлар дилида қувонч, шукроналик ҳамда эртанги кунга ишонч ҳислари ҳукмрон. Қилинган хизмат ҳеч қачон беэътибор қолмайди. Фарзандига берилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан ҳарбийларимиз ҳам мамнун.

Энди бу имтиёз мустақил ҳаётга учирма бўлаётган ёшлар учун  юқори марраларни забт этишларида қўш қанот вазифасини ўташи аниқ.

Майор Шунқор БЎРИЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, III даражали сержант Олим БЕРДИЕВ суратга олган