Сирдарёда топилган тилла ва пуллар ўз эгаларига етказилмоқда

88

Жорий йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборида юзага келган тошқин ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктларига жиддий талафот етказди. Мазкур муаммони тўлалигича бартараф этиш, одамларга керакли ёрдам кўрсатиш мақсадида Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий округларидан ҳарбий хизматчилар зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзди.

Айни пайтда ҳарбий хизматчилар талафот етган ҳудудларда тозалаш, тартибга келтириш ишларини жадаллик билан олиб боришмоқда. Одамлар уйи атрофида тўпланиб қолган сув, чиқиндилар ва бошқа кераксиз буюмлар олиб чиқиб кетиляпти.

Шарқий ҳарбий округнинг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиси, оддий аскар  Элмурод Норматов ҳам сафдошлари билан Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманида тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатяпти. Ана шу жараёнда унинг ҳалоллиги, Ватанига, халқига бўлган садоқати яна бир бор бўй кўрсатди. Гап шундаки, Элмурод ўзига бириктирилган ҳудудни тозалаш жараёнида унинг диққатини сув ичидаги қути ўзига тортди. Мазкур қутида уй эгасининг тилла буюмлари бор экан. Элмурод ушбу ҳолат юзасидан зудлик билан командирларига хабар берди. Қимматбаҳо буюмлар ўз эгаларига етказилди.

– Ҳарбий хизматчининг ҳар қандай шароитда Ватанига, халқига хизмат қилиши – унинг юксак бурчи. Бугун мана шу бурчимизни адо этяпмиз. Халқимиз бошига келган бу синовли кунларда уларга камарбаста бўлиб, сув тошқинидан азият чеккан фуқароларга кўмакдош бўляпмиз. Тилла занжир ва тилла қўл соатини топиб, уни эгасига қайтарганимизда уларнинг ташвишлари бирозга бўлса-да, унутилди. Ишонинг, уй эгаларининг бизга билдираётган миннатдорчилиги кучимизга куч қўшибгина қолмай, ҳамюртларимиз бошига келган ташвишни тезда бартараф этишга бўлган иштиёқимизни янада орттириб юборди, — дейди Элмурод Норматов.

Яна бир қаҳрамонимиз шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Комил Чориев ҳам Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласида тозалаш ишларини олиб бораётганида сув босган буюмлар орасидан хонадон эгасига тегишли бўлган моддий бойлик, яъни 720 минг сўм пул топиб олди ҳамда эгаларига қайтарилишини таъминлади.

Халқимизда, “Яхшиликни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”, деган нақл бор. Мана шу тамойилни шиор, деб билган Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий хизматчилари бугун  сирдарёлик ҳамюртларимизни синовли кунларда қўллаб-қувватлаб, яшаш шароитларини йўлга қўйишлари учун эртаю-кеч ёнларида туриб, фидойилик кўрсатмоқда.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти