Нукусга қирувчи самолёт келтирилди

157

Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан қозонилган буюк ғалаба учун мардларча курашган юртдошларимизнинг номини абадийлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонининг орқа томонида Жасорат боғи барпо этилиши бошлангани ҳақида олдин хабар берган эдик.

Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда жорий этилган карантин сабаб айни боғда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган эди.

Шу кунга қадар боғда жами 8 дона техника: Т-64 танки, пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар ҳамда артиллерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. 7 май куни боғ экспонатларидан ўрин олган бир дона Су-17 қирувчи самолёти Тошкент шаҳридан келтирилди.

Карантин қоидаларининг юмшатилиши ҳамда бунёдкорлик ишларини ижтимоий масофа ва шахсий гигиена талабларига риоя этган ҳолда амалга оширишга берилган рухсатдан кейин боғда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ҳам ушбу ишларда фаол иштирок этяпти.

Таъкидлаш жоизки, Жасорат боғи “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган майдоннинг орқа томонида, илгари ташландиқ бўлиб ётган ҳудуднинг деярли 100 сотих майдонида бунёд этиляпти. Боғни яратиш концепциясига асосан у ердаги 153 квадрат метр майдонда Иккинчи жаҳон уруши йиллари қорақалпоқ халқи ва қорақалпоғистонликларнинг матонати, ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган бир қаватли хотира музейи, пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий альпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектларни қўриқлашда фойдаланиладиган соқчиларнинг кузатув минораси, жанггоҳларни акс эттирадиган окоп, блиндаж ва ертўлалар ҳамда жанговар техникалар ўрин олади. Уруш йилларида юртдошларимизнинг қаҳрамонликларини акс эттириш учун Мудофаа вазирлиги музей фондига яқиндан кўмак бериб, ҳозирда жамланаётган экспонатлар ҳамда ҳарбий техникаларни тақдим этиши белгиланган. Музей фонди бошқа манбалардан ҳам тўлдириб борилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати