Оқолтинда фавқулодда вазият ҳудудида қолиб кетган икки нафар фуқаро вертолёт ёрдамида қутқарилди

83

Бугунги синовли кунларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан юртдошларимизга кўрсатилаётган қаҳрамонона ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда.

Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омбори дамбаси ўпирилиши оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт авиацияси навбатдаги парвозга шай. Экипаж – подполковник Раҳимжон Эргашев, капитан Фарҳод Шарипов, капитан Музаффар Маматов. Мақсад – белгиланган режа асосида фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудларнинг бориш қийин жойларида разведка-қидирув ишларини амалга ошириш ҳамда эвакуация тадбирларидан иборат. Ўз касбининг усталарига ҳамроҳ бўлиб, уларнинг мураккаб вазифани адо этиш жараёнини тасвирга муҳрлаймиз.

Қидирув давомида топилган икки кишини қутқаришга шошиламиз. Вертолётга олинган бу икки фуқаро зудлик билан Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий мобиль тиббий марказига олиб келинди. Уларнинг бири 1985 йилда туғилган Эркин Омонов бўлиб, 1 оёғи жароҳатланган. Иккинчиси 1996 йилда туғилган Файзулло Қодировнинг тана ҳарорати кўтарилган. Оқолтин туманидан вертолёт авиацияси ёрдамида само сарлочинлари эвакуация қилган ушбу беморларга Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали терапевти, тиббий хизмат подполковниги Шуҳрат Каримов, фельдшер Шуҳрат Аҳмедов зарур тез тиббий ёрдам муолажаларини кўрсатди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти