Карантинда жасорат кўрсатган ҳарбийлар тақдирланди

83

Халқимизда бузоқнинг югургани сомонхонагача, деган нақл бор. Лекин бу воқеада бузоқ ҳатто сомонхонагача ҳам етолмади. “Сомон”ни ўзлари олиб келиб берадиган бўлишди.

Шу йилнинг 7 апрель туни, соат чамаси 03:50 лар атрофида. Батальон командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари капитан Сирожиддин Ражабов бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги марказий поликлиникада кучайтирилган тартибда хизмат олиб бормоқда. Поликлиникада карантинда сақланаётган юртдошларимиз саломатлиги тажрибали шифокорлар кўриги остида. Объект назорати эса Ватан ҳимоячилари қўлида.

Капитан Умумҳарбий низомларига мувофиқ, навбатчиликни ўтаб бўлган соқчиларни алмаштириб, наряддан бўшаган сафдошлари билан дам олиш хонаси томон йўналди.

Бу пайт поликлиника ичкарисида асосий воқеа пишиб етилаётган эди. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан назорат ўтказиш пунктида хизмат ўтаётган лейтенант Сарвар Имомовга карантиндаги бир кишининг поликлиникадан рухсатсиз қочиб чиққани ҳақидаги хабар келиб тушди. Аён бўлишича, тартиббузар тиббиёт ходимларига жисмоний куч ишлатиб, ўзи даволанаётган хона эшик ва дераза ромларини синдирган ҳолда бинодан чиқиб, иссиқлик қувури орқали қочишга уринган. Лейтенант ўз навбатида рация орқали вазиятнинг нотинчлиги ҳақида командирга хабар бериб, объект ҳудудидаги соқчиларни ҳушёрликка чақирди.

Дам олиш хонасига етиб бориб, киприклари бир-бири билан учрашишга улгурмаган захира гуруҳи командир томонидан йўналишларни кучайтириш учун юборилди. Капитан Сирожиддин Ражабов эса кичик сержант Улуғбек Пирматов билан поликлиника томон югурди. Объектга яқинлашган командирга биринчи йўналишдан рация орқали хабар келди: у томонда бир эркак киши кузатувчисиз ҳаракатланяпти.

Тартиббузар ҳаракатланаётган йўналиш аниқ бўлгач, командир ва кичик сержант ўша томонга қараб югурди. Қочишга уринаётган шахс бу пайт бинони ташқаридан ажратиб турган девор устидан ўтган сув қувури орқали кўча томон ҳаракатни давом эттираётган эди. Фуқарога пастга тушиш ҳақида берилган огоҳлантиришлар бекор кетди. Шунда эпчиллик билан девор устига чиққан ҳарбийлар ўз вақтида уни ерга туширишди.

Ўз хатосини англаб етмаган бу шахс ҳамон қаршилик кўрсатишда давом этарди. Аммо машқларда чиниққан капитан Сирожиддин Ражабов, кичик сержант Улуғбек Пирматов ва контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ғайрат Йўлдошевнинг тезкор ҳаракати натижасида тартиббузар ушланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.

Табиий савол туғилади: хўш, ўша шахс объектни рухсатсиз тарк этганида нима бўлар эди? Эҳтимол у коронавирус инфекцияси билан заҳарланмагандир, лекин карантин муддати тугаб, якуний тиббий хулосалар чиқмагунга қадар бунга ҳеч ким кафолат беролмайдику?

Натижа нима бўлди? Натижада ўша фуқаро катта эҳтимол билан ўзининг карантин муддатига қўшимча кунларни “ишлаб” олди. Чунки қонунчилигимизга мувофиқ, карантин қоидаларини бузган шахслар қатъий жазоланмоқда. Ўз бурчига содиқ қолган, карантин объектларида сергак хизмат олиб бориб, тезкор қарор қабул қилган ҳарбий хизматчилар мудофаа вазирининг тегишли буйруғи билан рағбатлантирилди.

P/S. Тартиббузарни бузоққа менгзаганимиз асло ғашингизни келтирмасин, азиз ўқувчи. У: “мен ўз айбим учун тегишли жазо олдим. Аммо сиз мени бузоққа тенглаштирганингиз учун қандай жавоб берасиз?” деган даъвони ҳам қилиши мумкин. Бунинг учун тегишли жавобларимиз тайёр. Лекин давлатимиз қонун-қоидасини менсимаган, ўзида касаллик аломатларини сезса-да, тиббиёт ходимларига мурожаат қилмай, қанчадан-қанча одамларга вирусни юқтириб юрган кишиларни нима деб аташ мумкин? Ҳа, жиноятчи. Бу шахснинг ҳаракатлари ҳам ўша хулосамизнинг дастлабгисидир.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, “Ватанпарвар” газетаси мухбири