Ҳарбийларнинг ҳомийлик хайриялари Нукусдаги 13 хонадонга етказилди

92

Халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, одамийлик, меҳр-мурувват, айниқса бугун мамлакатимиз ва фуқароларимиз бошига оғир синовлар тушганда намоён бўлмоқда. CОВИД-19 коронавирус пандемияси дунёнинг 185 дан ортиқ мамлакатни қўрқув исканжасига олиб, бизга мушкул синовларни юбораётган бир пайтда муҳтож бўлган юртдошларимизга халқимиз бирлашиб, биргаликда ёрдам қўлини узатмоқда.

Кеча, 13 апрель куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нукус шаҳар ҳомийлик ҳайрияларни мувофиқлаштириш марказига муҳтож оилалар учун бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Ушбу маҳсулотлар марказ ва кўнгилли ҳарбий хизматчилар томонидан Нукус шаҳридаги Қумовул маҳалласида истиқомат қилаётган ва кам таъминланганлар рўйхатига киритилган 13 оилага дезинфекция талабларига риоя этган ҳолда тарқатиб берилди.

– Ҳарбий хизматчиларимиз ташаббуси билан 13 оила учун 3 кг.дан картошка, сабзи, пиёз, 1,5 кг.дан гуруч ва ун маҳсулотлари ҳамда кунгабоқар ёғи кўнгилли равишда ҳомийлик ҳайрияларни мувофиқлаштириш марказига тақдим этилгач, кам таъминланган оилаларнинг уйларига тарқатиб берилди. Карантин вақтида уйида ўтирган юртдошларимизнинг соғлигини сақлаш ва уларга амалий ёрдам беришга биз, ҳарбий хизматчилар ҳам доим тайёрмиз, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари подполковник Абдувоҳид Бозоров.

Коронавирус пандемияси юртимизга кириб келиши ва ундан кейин жорий этилган карантин чоралари вақтида инсонпарвар юртдошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотларининг ташаббуси билан нуронийлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳайрия тариқасида бирламчи озиқ-овқат махсулотларини улашиши халқимизнинг нақадар инсонпарварлигини кўрсатиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, яқинда Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақларини мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ўтказиб беришган эди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати