Бухорода йўлга қўйилган ибратли ишлар

179

Айни кунларда республикамизнинг кўплаб ҳудудларида кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бухоро вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, Когон шаҳрида жойлашган ҳарбий шаҳарчада ҳам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ярмаркага турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари,  дори-дармонлар  ва ниқоблар олиб келиниб арзон нархларда сотилди. Шунингдек, ярмарка давомида бир-биридан қизиқарли ва саргузаштларга бой бўлган бадиий китоблар юртдошларимизга тарқатилди.

Тадбирга ташриф буюрган Когон шаҳар ҳокимлиги, Бухоро ҳарбий прокуратураси вакиллари томонидан юртдошларимизга коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсиялар ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

Бундан ташқари мамлакатимизда юзага келган эпидемиологик нотинч вазиятда коронавирус пандемиясининг олдини олишга ҳисса қўшиш учун Бухоро туманида туман ҳокимлиги ва мудофаа ишлари бўлими ташаббуси билан чақирув ёшидаги фуқаролардан иборат “Кўнгиллилар отряди” ташкил этилди.

Туман ҳокими кўнгиллиларни махсус кийимлар, дезинфекция аппаратлари билан таъминлади. “Кўнгиллилар отряди” COVID-19 инфекциясини олдини олиш, осойишталикни таъминлаш учун ҳудудда дезинфекция ишларини олиб боришмоқда.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати