Армияга юборилиши кечиктирилган чақирилувчилар кўнгилли равишда дезинфекция ишларида қатнашмоқда

123

Муддатли ҳарбий хизматга фуқароларни юбориш тадбирлари кечиктирилган бўлса-да, саралашдан ўтиб, “команда”га тушган чақирилувчилар кўнгилли равишда дезинфекция ишларида қатнашмоқда.

Марказий ҳарбий округига қарашли Самарқанд, Навоий ҳамда Жиззах гарнизонида жами 1657 нафар бўлажак аскар вилоятларнинг мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлари масъуллари ҳамда санитария-эпидемиология назорат марказлари билан ҳамкорликдаги тактик-махсус ўқув машғулотларида иштирок этмоқда.

Натижада катта масштабдаги ҳудудларда вирус инфекциясига қарши самарали кураш олиб бориляпти. Кўнгиллилар сафи эса кун сайин ортмоқда.

Шунингдек, ҳарбий округ кесимидаги куч тузилмаларининг 30 га яқин махсус техникалари йўллар, кўпқаватли бинолар атрофи, кўчаларда тозалаш тадбирларига жалб қилинган.

Чақирилувчилар уйда қолишдан кўра инфекцияга қарши курашишни афзал билишмоқда. Ҳар бир туманда ёшлардан иборат 4-5 та, вилоятларда  эса 40 га яқин отрядлар  тузилиб, бозорлар, маиший савдо дўконлари ҳамда аҳоли яшаш манзилларига юборилмоқда.

Бундан ташқари ҳарбий техникаларга ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали фуқаролардан заруратсиз кўчага чиқмаслик сўралмоқда.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати