НУКУСДА ҲАРБИЙЛАР ҲАЙРИЯ ЁРДАМИГА ҲИССА ҚЎШМОҚДА

4

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларидан бирининг ташаббуси билан бугун юртимизда жорий этилган карантин ва ўзини ҳимоялаш режимида кам таъминланган ва мухтож оилалар учун гўшт махсулотини ҳайрия сифатида юборишди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизга COVID-19 коронавирус пандемияси кириб келиши ва ундан кейин жорий этилган карантин чоралари вақтида инсонпарвар юртдошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотларининг ташаббуси билан нуронийлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда жисмонан заиф фуқароларга ҳайрия тариқасида бирламчи озиқ-овқат махсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситаларини улашиши халқимизнинг нақадар меҳр-мурувватлигини кўрсатиб келмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ҳам бу борада ташаббус кўрсатиб, эл бошига дард келганда биринчилардан халққа қўлини чўзди. Жумладан, Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақларини мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ўтказиб беришди.

Бу сафарги ҳайрия тадбирида ҳарбий хизматчилар “Халқ ва армия – бир тану бир жон” деган эзгу ғояни яна исботлаб, 30 кг.га яқин гўшт махсулотларини Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нукус шаҳар ҳомийлик ҳайрияларни мувофиқлаштириш марказига топширишди.

Мазкур марказга келган ҳомийлик ҳайриялари жамланиб, шундан кейин тузилган рўйхат бўйича марказлашган тарзда манзилларга юборилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати