Ҳарбий шаҳарчаларда ҳам дезинфекцияга катта эътибор қаратилмоқда

50

Коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз бўйлаб тарқалишига йўл қўймаслик, аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар куни ҳудудларни дезинфекция қилиш бўйича тактик-махсус ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Дезинфекция ишларини айнан ҳарбий хизматчилар истиқомат қилаётган ҳарбий шаҳарчаларда ҳам ўтказиш кўлами кенг.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Нукус ҳарбий прокуратураси ҳамкорликда Нукус гарнизонидаги ҳарбий шаҳарчаларда махсус техника ва воситалардан фойдаланилган ҳолда дезинфекция тадбирларини олиб боришди. Кўчалар, аҳоли истиқомат қилаётган уйларнинг подъездлари ҳамда бошқа туташ ҳудудлар коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ дезинфекцияланди.

Шунингдек, ташаббускор гуруҳлар томонидан ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қилаётганларнинг уйда карантинни мазмунли ўтказиши учун китоблар совға қилинди.

Мамлакатимиз бошига оғир иш тушганда биринчилардан бўлиб ёрдамга шошилган ва туну-кун блокпостлар ҳимояси, шаҳар ва туманларда аҳолини пандемиядан сақлаш учун дезинфекция ишларини олиб бораётган юрт ҳимоячиларининг уйида интиқ кутиб ўтирган оила аъзолари учун ҳам барча шароитлар муҳайё этилмоқда. Ҳарбий шаҳарчада мавжуд Мудофаа вазирлигига қарашли “Ҳарбий савдо” Нукус давлат унитар корхонасида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ярамаркалари ташкил этиляпти.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати