Бардош ва матонатни синовдан ўтказувчи кунлар

192

Қатъият, интизом, ирода ва сабр. Бугун биздан талаб қилинаётган энг муҳим талаблар булар. Зеро инсоният айни дамда бардоши-ю, матонатини синовдан ўтказувчи кунларни бошидан кечирмоқда. Саломатлик ва хотиржамлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти эса бугун ҳар қачонгидан ҳам теранроқ англанаётгани шубҳасиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ватанига, халқига, Президентига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилган ҳарбий ўғлонлар эса онтига вафоли бўлиб, карантин даврида мамлакатимиз бўйлаб тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, дезинфекция тадбирларини олиб бориш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, хуллас, профилактик жараёнларнинг барча-барчасида фаол иштирок этмоқда. Ана шундай юрт посбонлари қаторида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Навоий вилояти, Кармана туманида жойлашган ҳарбий қисми ўғлонлари ҳам бор.

Ҳарбий қисм ташаббуси билан туман марказий деҳқон бозори, улгуржи савдо масканлари, марказий кўчалар, аҳоли яшаш ҳудудлари дезинфекция қилинди. Шунингдек, кундалик харид учун ташриф буюрган аҳолига ниқоблар ва дезинфекция воситалари тарқатилди. Машиналарга ўрнатилган овоз кучайтиргич мосламалари орқали карантин қоидалари, шахсий гигенага риоя қилишнинг аҳамияти ва ижтимоий масофаланиш коронавирус касаллигини кескин камайтириш омили экани карманаликларга етказилди.

Шу каби профилактик тадбирлар қўмондонликнинг барча ҳарбий қисмларида олиб борилмоқда.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати