Қорақалпоғистон ва Хоразмда ташкил этилган блокпостлар ҳимояси мустаҳкам

55

Мамлакатимиз бўйлаб COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, пандемиядан аҳолини ҳимоялаш ҳамда ҳудуд хавфсизлигини таъминлашга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳам жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Жумладан, Қорақалоғистон Республикасида ҳамда Хоразм вилоятида ташкил этилган ўндан ортиқ блокпостлар ҳамда карантинга олинган ҳудудларда мамлакат Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари билан бир қаторда ҳарбий хизматчилар ҳам туну-кун хизмат олиб боришяпти. Жами 100 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар блокпост хавфсизлиги ҳамда карантин чораларини назорат қилиб турган куч тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда шаҳар ва туманларга кирувчи ва чиқувчи автотранспорт воситалари ҳамда улардаги фуқароларнинг ҳаракатини, жорий этилган карантин қоидаларига амал қилиниши назорат қилиш ҳамда уларнинг дезинфекциясини таъминлаш каби бугунги куннинг ўта масъулиятли вазифаларни бажаришмоқда.

Блокпостларда ташкил этилган навбатчиликни ўташ жойларида ҳарбий хизматчилар ва ҳамкор идора вакиллари учун шарт-шароитлар яратилган бўлиб, шахсий гигиена ва хавфсизлик талабларига риоя этиш таъминланмоқда. Маъсулиятли вазифани бажариш учун ҳарбий ва махсус техникалардан фойдаланилмоқда.

Ҳарбий округ психологлари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг руҳий ҳолати, ижтимоий муаммолари ҳамда талабларини ўрганиш бўйича блокпостларда сўров ва суҳбатлар мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилган. Ўзгалар ҳаётини сақлаб келаётганларнинг ҳам ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати