Истанбулдан Олтиариққа олиб келинган фуқаролар огоҳлантирилди

206

25 март куни Истанбулдан Фарғонага чартер рейс билан учиб келган фуқаролар Олтиариқ туманидаги «Қизилтепа» сиҳатгоҳига карантинга жойлаштириш учун олиб борилган. Дезинфекция қилиш ишлари вақтида фуқаролар томонидан тартиббузарликлар содир этилган.

Хусусан, фуқаролар ҳарбий хизматчилар ва тиббиёт ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, мазкур сиҳатгоҳда қолмасликларини айтиб, жанжал кўтаришга уринган.

Огоҳлантиришларга қарамай фуқаролар тинчлик сақламаганидан сўнг, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг низомда белгиланган чоралар орқали тартибни сақлашга киришган. Шундан сўнггина фуқаролар тинч бўлиб, бирма-бир белгиланган жойларига жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти 26 март куни карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу қонунга асосан, бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Карантиндаги фуқаролардан белгиланган тартиб-қоидаларни бузмаслик, ўзлари ва яқинларининг ҳаётини хатарга қўймаслик сўралади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти