Карантинга олинган ҳудудлар назорати кучайтирилди

263

Ўтган йилнинг сўнгги ойларидан бошланган коронавирус балоси бугун дунёнинг деярли барча мамалакатини ўргимчак тўри мисоли қамраб олишга улгурди. Афсуски, бу бизни ҳам четлаб ўтмади. Жорий йилнинг 15 март кунидан бошлаб юртимизда ҳам коронавирусга чалинган беморлар мавжудлиги аниқлана бошланди.

Юртимизда ушбу инфекциясининг қамрови кенгаймаслиги учун ҳукумат даражасида барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, барча турдаги таълим даргоҳларида вазият барқарорлашгунга қадар таътил эълон қилинди. Жамоат транспорти ҳаракати ҳам тўхтатилди ва бошқа кўплаб зарур чоралар кўрилмоқда.

Ҳозирги кунда чет мамлакатларда бўлиб турган фуқароларимиз махсус чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келиниб, 14 кунлик карантинда сақланмоқда. Карантинга олинган объектларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, тиббий назоратдаги юртдошларимизнинг ўзбошимчалик билан белгиланган ҳудудни тарк этишларининг олдини олиш мақсадида назорат чоралари кучайтирилмоқда.

Фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун карантинга олинган объектларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари куну тун ўз хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Хавфсизликнинг бу тарзда кучайтирилиши, шубҳасиз, ҳамюртларимиз саломатлиги ва мамлакатимизнинг ушбу касалликдан талафотсиз ва тезроқ халос бўлишига замин яратади.

Карантин чора-тадбирлари белгиланган жойларда хизмат ўтаётган ҳарбийлар хизматчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолига тегишли тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида Республика Ҳарбий прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари мазкур объектларда бўлишди. Ҳамкорликда олиб борилаётган бу каби ишлар, албатта, касалликнинг чекинишига хизмат қилади.

Ислом ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти