Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан маҳаллаларда тадбирлар ўтказмоқда

379

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан вилоят ва туман марказлари, маҳаллаларда Мустақилликнинг 27 йиллиги муносабати билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида бадиий кечалар, турли учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Катта Қорасув маҳалласида бўлиб ўтди.

Подполковник Азизбек Умрзоқов маҳалла фуқаролари ва ёшларига мустақиллик ва унинг моҳияти, ҳарбий хизматчиларимизнинг метин иродаси ва Мудофаа вазирлиги томонидан олиб борилаётган қатор тизимли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида Мудофаа вазирлиги Марказий оркестри, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда таниқли хонандалар, спорт усталарининг чиқишлари барчага кўтаринки руҳ улашди.

Ватан ва мустақиллик туйғулари тараннум этилган куй-қўшиқлар, дилгир маърузалар, саҳна чиқишлари ёшу қари кўнглини ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати